Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротова вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Аввалроқ, унинг оғир хасталик туфайли касалхонада даволанаётганлиги ҳақида хабар берилган эди. Унинг вафоти ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда 21 май куни тарқалганди. Вилоят матбуот хизмати эса буни рад этиб, унинг вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётгани, аҳволи стабил оғир ҳолатда эканини айтганди.

12 май куни Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротованинг ҳолидан хабар олиш мақсадида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Абдурашид Журабаев ва давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов борганди.

Ўшанда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва бошқалардан консилиум бошчилигида тажрибали шифокорлар томонидан керакли муолажалар олиб борилаётгани айтилганди.

Лола Муротова 1958 йил Олтиариқ туманида туғилган. Фаолияти давомида Фарғона вилоятидан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланган.