28−29 май, шанба-якшанба кунлари Зомин миллий табиат боғида Ўзбекистонда иккинчи маротаба Zaamin Ultra халқаро тоғ ультрамарафони бўлиб ўтди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ўтказилган марафон Samarkand Marathon доирасидаги марафонлардан бири бўлиб, унда ҳаваскор ва профессионал спортчилар 2 км, 10 км, 21 км ва 50 км масофада ўзаро баҳслашди.

2022 йилдаги марафонлардан мақсад — кўриш қобилияти паст бўлган шахслар учун музейларни мослаштиришга қаратилган. Хайриядан тушган маблағлар аудио-гидлар, тактил расмлар ва зарур жиҳозларни сотиб олиш учун сарфланади.

Югуриш масофаси эса денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган, у тоғлар орасидан ўтади ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан чегарадан 7 км узоқликда. Марафонда рўйхатдан ўтганлар 1200 кишини ташкил қилди, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳордиқ чиқариб кетиш учун умумий ҳисобда 2000 дан ортиқ фуқаро ташриф буюрди.

Марафондаги ҳаяжонли дақиқалар, биринчилик учун кураш, оилавий ва жамоавий югурувчилар, ғолибларни тақдирлаш, марафончиларнинг тоғлар орасида ҳордиқ чиқариши — «Газета.uz» мухбири фотоҳикоясида.

29 май куни соат 7:00 да биринчи бўлиб 50 км масофага югурувчилар старт чизиғи олдига келди. Ушбу йўналиш бўйича 37 киши рўйхатдан ўтган, уларнинг атиги тўрт нафари аёл киши, ўтган йилги марафонда ушбу йўлни фақат бир нафар аёл босиб ўта олганди.


21 км масофада югурувчилар эса соат роппа-росса 10:00 да старт олди, энг кўп спортчилар рўйхатдан ўтган 10 км масофа ишқибозлари эса соат 10:10 да ҳаракатни бошлашди. Ҳаваскорлар, шимолча юрувчилар эса 2 км масофа сари 10:20 да старт чизиғидан ўтишди.


Марафончиларнинг кўпчилиги ўзининг жисмоний ҳолати, танасининг нималарга қодирлигини билиб олиш учун югурган бўлса, айримлар биринчиликни қўлга киритиш учун жон куйдирди, яна кимдир жамоа ёки оиласи билан югуриш орқали ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қилди.


Бу йилги марафон ўтган йилгидан кўплаб жиҳатлари билан ажралиб туради. Мисол учун ташкилий жиҳатдаги кўплаб муаммолар ҳал қилинган, финишга кириб келганларни рўйхатга олиш соддалаштирилган, старт чизиғи олдида вақт кўрсатувчи табло ҳам ўрнатилган.

Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ бу йилги эсдалик учун медаллар икки хил кўринишга эга ва марафончиларга ҳар хил топширилди, фарқ фақат масофа қайд этилган бўйинбоғда. 2021 йилдаги марафон медаллари ва бўйинбоғлар кумуш рангда эди.






Волонтёрлар, профессионал спортчилардан иборат гуруҳлар маълум бир масофаларда кузатув ўрнатиб, иштирокчиларни қўллаб-қувватлаб туришди, кимгадир ёрдам керак бўлса зудлик билан тегишли чораларни ҳам кўришди.




2 км масофа марафончилари учун қайтиб олиш нуқтаси.



Таъкидлаш жоиз, Zaamin Ultra бошқа марафонлардан кўра мураккаброқ йўл тизмаси билан ажралиб туради. Спортчилар илк 5 км масофани юқорилаб борувчи йўл орқали босиб ўтишига тўғри келади, ундан сўнг мураккаблик бироз енгиллашади. Лекин шунга қарамасдан тоғ орасидан ўтувчи масофа ҳар доимгидан ҳам қийинроқ ҳисобланади, профессионал спортчилар ҳам ҳар гал масофани босиб ўтиш жуда қийин бўлганини айтишади.



Медиаюрист Мадина Турсунова.

Марафон молия, банк, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбийлар ҳамда хусусий секторда ишловчилардан тортиб, маркетинг билан шуғулланувчилар, адвокатлар, ҳуқуқшунослар, журналист ва блогерлар, уй бекалари, талабалар, ўқувчилар ва бошқаларни бир жойга жамлайди.


Старт-финиш майдончаси.


Cover up лойиҳаси асосчиси, продюссер ва режиссёр Тимур Салимов.

Оилавий ва жамоавий ҳордиқ учун тоғлар орасида югуришдан кўра мароқлироқ машғулот бўлмаса керак. Бу йилги ультрамарафонда ҳам ҳаттоки чақалоқлари билан югуришга келганлар ҳам кўзга ташланди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати ходимаси Азиза Узакбергенова.

Марафончилар билан суҳбатлашсангиз, кўпчилиги биринчиликни қўлга киритиш учун эмас, балки югуриш ўзининг танасини имтиҳондан ўтказиш, жисмоний қобилиятларини синовдан ўтказиш, бу орқали соғлигини бир маромда ушлаш учун зарурлигини таъкидлашди.








Бу йилги марафонда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам қатнашди.


Тақдирлаш маросими


Чапдан ўнгга: Артур Шаипов, Олег Парсегов, Рафаэль Зинуров ва Наталья Пятаева.

50 кмлик масофада югурган Артур Шаипов 5-кмни 11-бўлиб кесиб ўтди, у тадбир ташкилотчиларнинг 5 кмгача йўл юқорилиб боради деган огоҳлантирувига қулоқ солган шекилли, 10,5 кмга келиб иккинчи ўринга чиқиб олди. Масофанинг тенг ярмида қарийб 9 дақиқа вақт билан биринчи бўлиб кетаётган Юсув Назаровни ортда қолдира олган Артур финишга ундан 15 дақиқа фарқ билан етиб келди.

Бу йилги марафонда иштирокчиларнинг 5 нафари тақдирланишди.

50 км масофа

1-ўрин: Артур Шаипов (4:40:30)

2-ўрин: Рафаель Зинуров (4:55:01, у 2021 йилда 5:05:30 натижани қайд этганди)

3-ўрин: Олег Парсегов (4:55:15)

4-ўрин: Фаррух Ҳамроев (4:56:39)

5-ўрин: Юсуф Назаров (5:02:02)

Малика Мақсудова.

Аёллар ўртасида эса Малика Мақсудова масофани босиб ўтиш вақтида ҳеч кимга биринчиликни бермади.

50 км масофа

1-ўрин: Малика Мақсудова (5:02:52)

2-ўрин: Дилфуза Аллаярова (5:24:53, у 2021 йилда 6:19:30 натижани қайт этганди)

3-ўрин: Дария Ядерная (7:07:22)

4-ўрин: Сурайё Раҳмонова (8:18:00)


21 км масофа

1-ўрин: Андрей Шарипов (1:36:59)

2-ўрин: Семён Шадрин (1:38:17)

3-ўрин: Семьён Севастянов (1:45:56)

4-ўрин: Николай Волков (1:46:50)

5-ўрин: Мухаммадраим Ниязов (1:52:05)


21 км масофа

1-ўрин: Наталя Пятаева (2:04:10)

2-ўрин: Диана Валиева (2:16:08)

3-ўрин: Албина Авакян (2:21:13)

4-ўрин: Софя Назарова (2:22:29)

5-ўрин: Олга Каменцева (2:24:06)


10 км масофа

1-ўрин: Ғиёсжон Эркабоев (0:47:19)

2-ўрин: Исроил Равшанов (0:49:25, чегара қўшинлари хизматчиси)

3-ўрин: Суҳроб Кобилов (0:49:35)

4-ўрин: Алимардон Сабиров (0:50:08)

5-ўрин: Миржалол Жумаев (0:50:46, чегара қўшинлари хизматчиси)


10 км масофа

1-ўрин: Мадина Сагатова (0:52:09)

2-ўрин: Эъзоза Хашимова (0:54:25)

3-ўрин: Ойнури Қошмуродова (0:59:46)

4-ўрин: Екатерина Валкова (1:01:07)

5-ўрин: Арнела Никитина (1:02:22)

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Зоминдаги марафондан кейин Бухорода тунги марафон (август) ва Самарқандда Half Marathon ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Ҳордиқ чиқараётган марафончилар

Марафон майдончасининг юқоридан кўриниши.

Ҳа айтганча, бу йилги марафон ҳомийлари спортчиларга ўзларининг креатив ва қизиқарли стикерларини ҳам тақдим этди.


Кечаси кучли ёмғир ёғгани боис марафон майдончасида тунаб қолганлар чодирлари усти ва таг қисмини целлофан билан ўраб ётишди. Кечаси жуда совуқ бўлгани учун тонг саҳардан улар иссиқ чой ва егулик тайёрлаб, исиниб ҳам олишди.





Яна бир эътиборли жиҳат, бу йил марафонда қатнашиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтганларнинг барчасини исми ва фамилияси ягона баннерда акс эттирилди.


Марафон тугагач, чодирда тунаб қолган иштирокчилар буюмларини йиғиштириб, яна бир мақсадига эришганини қайд этиб йўлга отланишди.