Ижтимоий тармоқларда ёш йигит мактабнинг 3-қавати деразасидан мушукни улоқтиргани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатни ўрганиб, бу бўйича муносабат билдирди.

Аниқланишича, мушукни мактаб деразасидан улоқтирган йигит Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг 17 ёшли ўқувчиси Х.О. бўлган. Ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс томонидан содир этилганлиги сабабли унинг отаси, 46 ёшли У.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жаримага тортилгани айтилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Ота ва ўғил билан ҳайвонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслик юзасидан профилактик суҳбат ўтказилди. Шунингдек, ўсмир томонидан содир этилган қоидабузарлик ҳақидаги маълумотлар ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимига ўтказилган.

Қайд этилишича, ҳолатни телефон орқали тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган мусиқа мактабининг 16 ёшли ўқувчи Ш. А. ва унинг ота-онаси билан ҳам суҳбат ўтказилган.

Воқеа юзасидан терговга қадар текширувлар давом этмоқда.