Ўзбекистонда ҳафта давомида иқлимий меъёрларга яқин бўлган ҳаво ҳарорати билан асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, деб хабар берди у ҳақда Ўзгидромет матбуот хизмати.

30 май, душанба республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва салқин об-ҳаво кузатилади. Кундузи ҳаво ҳарорати +25…+28 даража атрофида бўлади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида, асосан, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Эртага ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат айрим кунлари тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳарорат аста-секин кўтарилади ва ҳафта ўртасига келиб, 1−2 июнь кунлари кечалари +15…+18 даража, кундуз кунлари +31…+34 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларида +35…+37 даражагача бўлади. 3 июнь жума куни ҳарорат фони 2−3 даражага пасаяди.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши кутилмоқда.