«Хизмат итлари-2022» кўргазмасида Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг 100 дан ортиқ хизмат итлари қатнашди, деб хабар берди «Газета.uz» фотомухбири. Тадбир 28 май куни Тошкентдаги «Ғалаба боғи»да бўлиб ўтди.


Кўргазма Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология маркази ва Ўзбекистон Халқаро полиция ассоциацияси томонидан Ўзбекистон кинология федерацияси билан ҳамкорликда кинологияни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

«Миллий кинология маркази томонидан ўтган йиллар давомида Давлат божхона қўмитаси таркибий тузилмалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат олиб бориш учун 6 мингдан ортиқ кинологлар ўқитилиб, хизмат итлари тайёрлаб берилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.


Марказга 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган. Миллий кинология маркази ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармасининг «Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида халқаро ҳамкорлик» дастури ишлаб чиқилди. Ўтган йиллар давомида 15 маротаба минтақавий ўқув курслари ташкил этилиб, уларда Афғонистон, Арманистон, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизстон, Туркманистон ва Тожикистон Республикасининг 182 нафар кинологлари ўқитилиб, худди шунча бош хизмат итлари тайёрлаб берилган.


«Хизмат итлари-2022» кўргазмасини ўтказишдан асосий мақсад, хизмат итларининг экстерьери ва зотдорлик даражасини баҳолаш ҳамда кинология хизматлари ўртасида насилчилик ишларини ривожлантириш, хизмат итларини етиштириш ва парваришлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишдир.

Фото