Нодирбек Абдусатторов БААда бўлиб ўтаётган Халқаро 5th Sharjah Masters 2022 шахмат турнирида чемпионликни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев хабар берди.

Ўзбекистонлик спортчи БАА вакили Салем Салеҳ билан бир хил 7 очкодан жамғарган бўлсада, ўзаро баҳсдаги ғалаба эвазига биринчи ўринни эгаллаган.

«Ҳозирда шахмат бўйича ўрганиш ва таҳлиллар олиб боряпмиз. Тез орада бу борадаги лойиҳа ва дастурларимизни эълон қиламиз», — дейди Алишер Саъдуллаев.

Қайд этилишича, 5th Sharjah Masters 2022 шахмат турнирида Нодирбек Абдусатторовдан ташқари яна тўрт нафар ўзбекистонлик шахмат усталари иштирок этишган — Жавоҳир Синдаров (14-ўрин), Шамсиддин Воҳидов (18-ўрин), Нодирбек Якуббоев (46-ўрин) ва Хумоюн Бекмурадов (67-ўрин). Мусобақада 80 нафар шахматчи қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, Нодирбек Абдусатторов ўтган йили ФИДE жаҳон чемпионатида шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Ўзбекистонлик шахматчи чемпионатнинг 10-турида жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенни мағлуб этган эди.