30 май куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистоннинг миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ССВга жуда зарур бўлган совуқ занжирли ускуналар ва компьютерларни совға қилди. Бу ҳақда ЮНИCЕФ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Умумий қиймати 1,3 млн доллар бўлган 671 та совутгич, 212 та музлатгич ва 150 та компьютерни ўз ичига олган ушбу ускуна Ўзбекистоннинг вакцинани функционал ва самарали бошқарувини татбиқ этиш қобилиятини оширади. Ушбу жуда зарур жиҳоз бутун мамлакат бўйлаб бирламчи тиббий ёрдам муассасаларига тарқатилади.

«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги доимий ҳамкорлик COVID-19 пандемиясига қарши курашда, аҳолининг энг заиф қатламларини эмлашда, шошилинч таъминот билан таъминлашда ва иқтисодиётни тиклашни кучайтиришда ҳамда COVID-19`нинг бўлажак тўлқинларига ва бошқа касалликларнинг авж олишига тайёргарлик кўриш, уларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга жавоб беришда муҳим аҳамиятга эга», — деди USAID маъмуриятининг Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур.

Ушбу беғараз ёрдам USAID`нинг COVID-19 бўйича жами 16 млн долларлик йирик хайриясининг бир қисмидир. USAID ўзининг ижрочи ҳамкори ЮНИСЕФ орқали Ўзбекистондаги барча болаларни эмлашни таъминлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқда. Вакциналар ва уларни сақлаш ҳамда бошқариш учун зарур бўлган самарали совуқ занжир технологияси Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши кураш стратегиясининг марказий элементлари ҳисобланади.

«Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига етиб борувчи функционал совуқ занжир жуда муҳим», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. «Ушбу асбоб-ускуналар Ўзбекистон халқи ўзининг асосий соғлиқни сақлаш хизматларини оладиган жойга боради. Бирламчи тиббий ёрдам даражасига сармоя киритиш одамлар ва болалар ҳаётини сақлаб қоладиган вакциналарга эга бўлиш учун жуда муҳим», — дея қўшимча қилди у.

АҚШнинг ушбу ёрдами COVID-19 вакцинасини эмлаш ҳамда 2022 йил сентабрь ойига режалаштирилган қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш кампаниясига ҳисса қўшади. COVID-19`нинг биринчи ҳолати аниқлангандан бери АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга пандемияга қарши кураш учун 18 млн доллардан ортиқ миқдорда ёрдам кўрсатди. Бунга USAID маблағлари ва Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) ёрдами ҳамда 7 млндан ортиқ вакцина киради.