Давлат солиқ қўмитаси охирги вақтларда харид чекларини бериш билан боғлиқ ўтказилаётган сайёр солиқ текширишлари юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим хабарларга муносабат билдирди.

Май ойи бошида озиқ-овқат дўкони эгаси чек бериш бўйича техник муаммолар ва солиқ органлари солаётган оғир жарималардан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, бир ой ичида солиқ идоралари унинг дўконига уч марта келган ва ҳар сафар 5−10 миллион сўмдан жарима солган.

«Сабаби нима экан, биз чек бермас эканмиз. Биринчидан у оқ терминал ишламайди. Буни ҳамма билади. Терминални мажбурлаб бераётганлар ҳам ўзлари уни қандай ишлатиш кераклигини билишмайди. Обориб, буни тўғирлаб бер, ишламаябди, десанг „билмадик, бизларга ҳам шу топшириқ бўлган сизларга бераяпмиз“, дейди. 5 млн сўмга оқ терминал сотиб оласан. Ойига 100 мингдан берасан. Нима учун? У 5 миллион сўмни қоплаш учун биз қанча нарса сотишимиз керак? 600 сўмнан олаётган нонни 6000дан сотиш керакми?», — деди тадбиркор.

Унинг айтишича, дўкон кассири қурт сотса ҳам чек беради. «Сотувчи қурт сотсам ҳам чекингни олиб кет деб, чек бераябман, деябди. Чек керак эмас менга деб олмаган. Изидан иккита солиқчи келиб яна жарима солаябди. Учинчи марта. Нима қилиш керак, қанақа ишлаш керак бу Ўзбекистонда?», — деб савол билан юзланди тадбиркор.

ДСҚ маъмурчиликни амалга оширишда тадбиркорлар учун бир хил шароитдаги муҳитни яратишга эришиш ва яширин иқтисодиётга барҳам беришга таянишини таъкидлади.

Халқаро молия институтлари ва профессионал экспертларнинг таҳлил ва хулосалари республикада яширин иқтисодиётнинг улуши 50 фоиздан юқори бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида бу кўрсаткич 70 фоизгача етади, дейилади қўмита хабарида.

Шу муносабат билан хуфиёна иқтисодиётни жиловлашга қаратилган солиқ маъмурчилигининг замонавий инструментлари қаторида, чек бермаслик, пластик карталарга савдо қилишдан бош тортиш, пластик карталарга товарларни нархини ошириб сотиш ва бошқа қонунбузилишлари устидан кенг жамоатчилик назорати институти ишга туширилиб, фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиш учун Soliq мобил иловаси амалиётга киритилган.

Йил бошидан буён Солиқ органларига 13 мингга яқин фуқародан 66 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

«Мазкур мурожаатлар асосида назорат тадбирларини ўтказишдан олдин, ижтимоий тармоқларда келтирилганидек ҳеч қандай таҳлилларсиз эмас, уларнинг ҳар бири синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда. Онлайн касса машиналари орқали урилган ҳар бир чек солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиб, мурожаатчининг хабари асослийлиги бевосита ушбу субектга ўрнатилган онлайн назорат касса машинаси кўрсаткичлари билан солиштирилади», — дейилади хабарда.

Таҳлиллар натижасида 30 мингга яқин мурожаат бўйича текшириш ўтказиш рад этилган. Лекин, қолган қисми текширилганда — 97 фоизида ҳақиқатда чек урилмаганлиги бўйича мурожаатчиларнинг хабари ўз тасдиғини топган, дейилади ДСҚ маълумотида.

Белгиланган солиқ сиёсати асосида кўрилаётган чора-тадбирлар солиқ тўловчиларни жазолашга эмас, балки бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлашга қаратилган. Шуларни ҳисобга олиб, Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 1 июндан бошлаб текшириш ва мурожаат қилиш қоидаларига ҳам ўзгартириш киритилишини маълум қилди.

Биринчидан, Soliq мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.

Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам хулоса қилинмасдан, қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.

Иккинчидан, мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Учинчидан, жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календарь куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.

Тўртинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари, мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, чек талаб қилиб, яширин иқтисодиётга қарши курашишда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантиришни ва ноқонуний ишлаш йўлини танлаган айрим субъектларга нисбатан таъсирчан назорат тадбирларини изчил давом эттиришига ишонтирмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, қоидабузарлик тасдиқланган тақдирда, аризачи мукофот сифатида тўланган жарима суммасининг 20 фоизини олади. Қўмита «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳисобот даврида фуқароларга жами 11,6 млрд сўмдан ортиқ маблағни қўлга киритишган. Бундан жарималар қарийб 58 млрд сўмни ташкил етган деган хулосани қилиш мумкин.

Аввал хабар берганимиздек, Термизда журналист Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинган эди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани айтилмоқда. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.