«Бу биз учун янги бозорлар дегани». Президент ўзбек пахтасига бойкот бекор қилингани ҳақида

Шавкат Мирзиёев Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилганига муносабат билдирди. «Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани», — дея таъкидлади у. Шу боис, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, четга сотувчи корхоналарга экспортёрларнинг имтиёзлари берилиши, дастгоҳлари учун божхона божи ундирилмаслиги маълум қилинди.

Ўзбекистон Cotton Campaign бойкотининг бекор қилинганини олқишлади

Ўзбекистон ҳукумати Cotton Campaign коалициясининг ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш қарорини олқишлади. Президент матбуот котиби бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмаслиги ва бундан буён ҳам қатъий давом этишини таъкидлади, Сенат раиси эса буни «тарихий воқеа» деб атади.

Фармацевтика агентлиги раҳбари ва «Ўзбекистон темир йўллари» раисига «ҳайфсан» берилди

Президент жума кунги видеоселектор йиғилишида дунёқарашини ўзгартирмагани, ҳозирги вазиятдан хулоса чиқармаётгани учун Фармацевтика агентлиги директори Сардор Кариевга «ҳайфсан» берди. Унинг икки ўринбосари Дилшод Акбаров ва Алишер Темиров эса ишдан бўшатилиши айтилди. Бундан ташқари, «Ўзбекистон темир йўллари» раиси в.б. Хуснутдин Хасилов ҳам «ҳайфсан» олди.

Айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилди

Ўзбекистонда тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат МТМларига болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилди. Бунда тарбияланувчилар пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилинади.

«Бу ер каруселлар жойи эмас». Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш ишлари бошланди

Пойхахтнинг Абдулла Қодирий номидаги боғи душанбадан реконструкция учун ёпилди. Бу ерда суғориш тизими ва пиёдалар йўлаклари янгиланади, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, чироқлар ва машғулотлар учун майдонлар ўрнатилади, шунингдек, яшил майдонлар майдони кенгайтирилади. Боғнинг ёз бошида очилиши кутилмоқда.

Молдовадан 100 га яқин ўзбекистонликлар эвакуация қилинди

Украинани тарк этган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси Бухарест (Руминия) аэропорти орқали Молдовадан эвакуация қилинди. Яна бир рейс 11 март куни Польшадан амалга оширилиши режалаштирилган. У ерда 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар қолмоқда.

Туркиянинг Odaş Enerji CA компанияси Хоразм вилоятида янги ИЭСни қуриб, ишга туширди

Туркиянинг Odaş Enerji CA компанияси томонидан Хоразм вилоятида қурилган янги ИЭС Ўзбекистон ягона электр тармоғига қувват беришни бошлади. 105 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига бунёд этилган ИЭС йилига 1,4 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ўзбекистон ва Россия сайёҳлар оқимини оширишга қарор қилди

Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари ўринбосарлари сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзоладилар. У 20 та тадбир, жумладан, Россия ва Ўзбекистон туризм йилини ўтказиш ва «Буюк ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик йўналишини ишга туширишни ўз ичига олади.

Россия икки йилдан сўнг Ўзбекистонга парвозлар учун қўйилган чекловларни бекор қилди

«Росавиация» икки йил аввал Ўзбекистон ва яна еттита давлатга парвозлар учун коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида киритилган чекловларни бекор қилди.

Коронавирусга чалинганлар сони яна ортди

Пайшанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони ортди (70 киши). Бир кун аввал бор-йўғи 14 киши вирус юқтиргани маълум бўлган эди.

Хивада 18−20 ёшли тўрт фуқаро Сурияга кетишни режалаштирганликда гумонланмоқда

Хоразм вилоятида 2002−2004 йилларда туғилган тўрт нафар шахс Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришиб, улар сафига бориб қўшилишни режалаштирганликда гумонланмоқда.

«Самарқанд-Жума» автобекатини «разборка» йўли билан эгалламоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом туманида ўзаро келишмовчиликларни «разборка» йўли билан ҳал қилмоқчи бўлган шаҳслар қўлга олинди. Ушбу гуруҳларга раҳбарлик қилган ва фаол иштирок этган шахсларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Навоийда радиоактив моддани 50 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 250 грамм «Радий» радиоактив моддасини ноқонуний равишда сотишга уринган икки киши ушланди.

Хориждаги ёш ватандошлар Ўзбекистондаги вазирлик ва идораларга ишга жалб қилинади

Хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган ва етакчи компанияларда ишлаётган ёш ватандошларга вазирлик, идора ва ташкилотларда ишлаш учун шароитлар яратилади. Жумладан, уларга хизмат уйлари берилади, камида 2 йил ишлаганларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларининг бир қисмини қоплашга субсидия ажратилади. 1 июнгача эса «Ёш ватандошлар реестри» ишга туширилади.

Очиқлик сиёсати туфайли ҳокимликларнинг автомобиль сотиб олиши, «ремонт» қилиши кескин камайди — Акмал Бурхонов

2021 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,2 трлн сўм зарар етказилган. Ҳокимликларнинг бюджетдан орттирилган маблағларни очиқлаш мажбурияти жорий қилингач, автомобиль сотиб олиш ёки ҳокимиятни таъмирлаш кескин камайган, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Акмал Бурхонов бу амалиёт ҳокимлик бюджетининг кўпроқ ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганига сабабчи бўлганлигини таъкидлади.

Дам олиш кунлари ёмғирли ва салқин бўлади

Ўзбекистонда келаси ҳафтанинг биринчи ярмида вақти-вақти билан ёғингарчилик бўладиган беқарор об-ҳаво давом этади. Бундай об-ҳаво атмосферада жуда фаол жанубий фронтал зоналар мавжудлиги ҳисобига, республика ҳудудига доимий равишда нам булутли массивлар кириб келиши билан боғлиқ, дея тушинтиради Ўзгидромет.