Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти бўйича жамоатчилик олдида ҳисобот берди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик раҳбари хориж тажрибасида ҳам коррупциянинг энг катта душмани очиқлик экани ҳақида гапириб, ҳокимликларнинг бюджетдан орттирилган маблағларини очиқлаши кераклиги борасида гапирди.

«Очиқламаяптими, демак, коррупциявий омил бор, қаердадир кўпроқ ойлигини яширяпти ёки жамғармадан мақсадсиз сарфлаётганини кўриш мумкин. Оддий мисол, президентнинг қарори билан маҳаллий ҳокимликлар бюджетдан орттирилган маблағларни қаерга йўналтиришини эълон қилиши белгиланди. Шундан кейин, автомобиль сотиб олиш, ҳокимиятни таъмирлаш ва бошқа-бошқалар кескин камайди. Энди уларга йўналтириладиган сарф-харажат ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганини кўришимиз мумкин», — дея Бурхоновнинг сўзларини келтиради Bugun.uz нашри.

«Чунки ҳозир очиқлик бўляпти. [Ҳокимият] озгина «ремонт»га сарфласа ёки автомашина сотиб олса, ижтимоий тармоқларда журналистлар томонидан кескин эътироз билдирилаётгани учун улар ҳам эртага кўради деб, кўпроқ ижтимоий йўналиша йўналтиртиришяпти. Ўйлайманки, биз агар очиқлашга жавобгарлик белгилайдиган бўлсак (ҳозир мажбурий, лекин жавобгарлик йўқ), янада кўпроқ ўзининг самарасини беради», — дея таъкидлади Акмал Бурхонов.

Антикоррупция агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда республика бўйича жами 5483 нафар шахсга нисбатан 3769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган. 2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлари сони 2621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 760 тага кўпайган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2020 йилда 500 млрд 102 млн сўмлик моддий зарар етказилиб, 355 млрд сўм ёки 71,0 фоиз ундирилган. 2021 йилдаги моддий зарар миқдори эса 1 трлн 282 млрд сўмни ташкил этиб, 887 млрд сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган.

Агентлик маҳаллий давлат ҳокимликлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб борилишига оид мажбуриятларга риоя қилинишини ўрганиб, таҳлил қилган.

Ана шундай ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар камчиликларга йўл қўйилган ҳолда қисман очиқланиши таъминланган бўлса, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур мажбуриятларни умуман бажармаган, дейилади агентлик хабарида.

Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган тартибда очиқланишини таъминламаган 13 та вилоят ҳокимликлари қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида расман огоҳлантирилган.