Туркиянинг Odaş Enerji CA компанияси томонидан Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида қурилган қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станция ишга туширилиб, Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ушбу электр станция йилига 1,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Қурилмаларнинг энергия тежамкорлиги ҳисобига йилига 175 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади, бунинг натижасида (ушбу 800 миллион киловатт-соат электр энергияси билан) қўшимча равишда бир йил давомида 350 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Қайд этилишича, умумий қиймати 105 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилган.

Қурилиш давомида 350 нафар ишчи-ходим фаолият юритган бўлса, лойиҳа ишга тушиши натижасида, туманда 60 та янги иш ўрни яратилган. Ушбу инвестиция лойиҳаси президентнинг 2021 йилдаги қарорига [5195-сон] асосан давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, бу йил бошидан бери ишга туширилган учинчи электр станциясидир. Январ ойида Туркиянинг Aksa Enerji энергетика компанияси иккита: Бухоро вилоятида 270 МВт ва Тошкент яқинида 240 МВт қувватга эга ИЭСни ишга туширди. Бундан ташқари, компания Тошкент вилоятида иккита объект — 240 МВт қувватга эга комбинацион ИЭС ва 230 МВт қувватга эга газ-поршенли ИЭСни қурмоқда. Президент қарорига мувофиқ барча лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.

Туркиянинг яна бир компанияси — Cengiz Enerji Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган ИЭС қурилишида ишламоқда.

Бундан ташқари, апрель ойида Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини ишга тушириш режалаштирилган — у Франциянинг Total Eren S.A. компанияси томонидан қурилмоқда ва молиялаштирилмоқда.

Йил охирида Сирдарё вилоятида 220 МВт қувватга эга янги ИЭСни ҳам ишга тушириш режалаштирилган.

Шундай қилиб, йил давомида Ўзбекистон энергетика тизимида жами 7 та янги электр станцияси пайдо бўлади.