Январь-март ойларида Ўзбекистон 360,2 миллион долларлик газ импорт қилди, буни Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ташқи савдо маълумотларида кўриш мумкин.

Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 2,4 баробар (қиймат кўринишида) кўп, ўшанда етказиб бериш 152,9 миллион долларни ташкил қилганди. Бу, шунингдек, 2023 йилдаги барча газ импортининг ярмидан кўпини (694,9 миллион доллар) ташкил этади.

Январь ойида «мовий ёнилғи» импорти 35,6 миллион долларни, февралда 3,7 баробар кўп ёки 131,1 миллион долларни, март ойида эса 193,5 миллион долларни ташкил этди. Агентлик анъанавий равишда етказиб беришнинг физик ҳажмини ошкор қилмайди.

Йил бошидан буён Ўзбекистон, шунингдек, 45,4 миллион долларлик газ экспорт қилди: январда — 21 миллион доллар, февралда — 5,7 миллион доллар, мартда — 18,7 миллион доллар.

Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, март ойида Хитой (Ўзбекистон газининг асосий харидори) Ўзбекистондан газ импорт қилмаган.

Аввалроқ январь-февраль ойларида Хитой Ўзбекистондан 57,38 миллион долларлик газ сотиб олгани ҳақида хабар бергандик, бу Ўзбекистон томони эълон қилган ҳажмдан 2 баробар кўп.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишгаҳаракат қилганди.

2023 йил 7 октябрдан Ўзбекистон газни Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали шимолий йўналишда импорт қилмоқда. Расмийлар «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 миллион долларга модернизация қилмоқчи.