Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи душанба куни уч ойлик реконструкция ишларига ёпилди. 5 март куни яшил ҳудудни янгилаш лойиҳаси ОАВ ва жамоатчиликка тақдим этилди. Боғни реконструкция қилиш Olmazor Business City бизнес маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Фото: Olmazor Business City.

Майдони 8 гектар бўлган боғ ҳудудининг ярми Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг сайёр йиғилиши баённомаси ва ҳоким қарори асосида шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Olmazor Business City дирекцияси балансига тезкор бошқарув ҳуқуқига ўтказилган, дея хабар қилди дирекция «Газета.uz»га. Шунингдек, Olmazor Business City боғни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи сифатида белгиланган.

Президентнинг 2018 йил августдаги қарорига кўра Business City ишбилармонлик марказларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинади. Марказларни ташкил этишдан мақсад аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва уларни ободонлаштириш, туристик йўналишларда замонавий иншоотлар қуриш, шунингдек, шаҳарларнинг инвесторлар учун жозибадорлигини ҳамда аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатиш даражасини оширишдан иборат.

Фото: Olmazor Business City.

Лойиҳа тақдимотида Olmazor Business City директори Умид Умаров пиёдалар йўлакларини янгилаш, югуриш ва велосипед йўлаклари, болалар ва спорт машғулотлари учун майдонлар яратиш, суғориш тизимини модернизация қилиш, ахлат қутилари, ўриндиқлар, чироқлар ўрнатиш вазифаси турганини таъкидлади. Боғдаги микроиқлимни сақлаш учун кичик канал таъмирланади. Боғга туташ фуқаролар йиғинлари тадбирларини ўтказиш учун кичик савдо дўкончалари ва амфитеатр ҳам барпо этилади.

Фото: Olmazor Business City.

Умид Умаров истироҳат боғида карусел ва аттрационлар учун жой йўқлигини таъкидлади. «Бу ер экопарк бўлади», — деди у.

Марказ директори ҳудудни ободонлаштириш ишлари Ўзбекистон ландшафт дизайни уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилишини қўшимча қилди. Боғда иш бошланишидан олдин яшил фонд инвентаризация қилинди. Бугунги кунда бу ерда 1584 туп дарахт, жумладан, багряник, қарағай, тут, эман, каштан, япон софораси, чинор, арча, тол, қайрағоч, мевали дарахтлар ўсмоқда.

Фото: Olmazor Business City.

Тақдимот куни ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳам 100 га яқин дарахт, жумладан, каталпа, шумтол, чинор, акация, лола дарахти, қайин ва ҳинд лилаги каби кўчатлар ўтқаздилар. Ўсимлик турлари Ландшафт дизайни ассоциацияси тавсияси асосида танланган.

Умид Умаровнинг маълум қилишича, боғ реконструкция қилиш учун уч ой муддатга ёпилади. Лойиҳачилар, унинг сўзларига кўра, захира вақт ҳам олишган. «Асосий вақт ирригация тизимини реконструкция қилишга сарфланмоқда, чунки ҳудуд жуда катта», — деди у.

Фото: Olmazor Business City.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича Индиго жамияти вакили Павел Волков буюртмачидан дарахтларга яхши ғамхўрлик қилишни сўради. У «Дўстлик» боғида (собиқ Бобур боғи) суғориш тизимини модернизация қилиш жараёнида ишчилар ўсимликларнинг илдиз тизимига зарар етказганини эслади.

«Ушбу боғни реконструкция қилиш Ландшафт дизайни ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Биз профессионаллар сифатида бу лойиҳани бошиданоқ назорат қиламиз, — дея жавоб берди ассоциация раҳбари Татяна Югай. — Айланиб кўрдик. Жуда кўп дарахтлар касал. Барча дарахтларни бирдек сақлаш шарт эмас. Агар дарахт 30−40 фоизга шикастланган бўлса, янада самаралироғи, парк учун бу дарахтни олиб ташлаш ва катта соғлом дарахтларни экиш яхшироқдир. Қаранг, биз кўчатлар олиб келдик. Ҳали бу энг каттаси эмас — беш метр. Жуда яхши ўлчамдаги маҳаллий дарахтларни экиш ҳам мумкин. Беш-олти йиллик кўчатлар. Йўлаклар ёқасидаги бутун яшил майдоган дарахтлар ўтқазилади».

Фото: Olmazor Business City.

Абдулла Қодирий боғида кенг кўламли реконструкция ишлари бошланиши ҳақида 2019 йил сентябрь ойи ўрталарида эълон қилинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил август ойида боғга ташрифи чоғида уни реконструкция қилишни топширганди.

2019 йилнинг ноябрида боғни унга номи берилган ёзувчи яшаган даврни акс эттирувчи этношаҳарга айлантириш режалаштирилаётгани маълум бўлди.

2021 йилнинг баҳорида Hampton by Hilton бренди остида иккинчи меҳмонхона қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Tashkent Park Abdula Kodiri Абдулла Қодирий боғи ичида жойлашади. Қурувчи ваинвестор Қозоғистон BI Group ҳисобланади.

Ёзда истироҳат боғига ташриф буюрган Экологик партия вакиллари «унинг чиқиндихонага айлангани, инвесторларга берилган участкалардаги дарахтлар қуриб қолганини» айтишган эди.