Президентнинг 7 мартдаги фармонига мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни қабул қилишга рухсат берилади. Бунда хизмат пуллик шаклда бўлади.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг «Газета.uz»га аниқлиқ киритишича, тўлиқ қувват билан ишламаётган мактабгача таълим ташкилоти — бу болалар сони ўрнатилган мўлжалдан камроқ бўлиб қолган боғчалар ҳисобланади. Масалан, ўринлар сони 200 нафар бола бўлган лекин, айни пайтда фақат 150 нафар болага қараётган давлат боғчалари қўшимча тўлов асосида 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни қабул қилишлари мумкин.

Вазирлик берган маълумотга кўра, мактабгача таълим ташкилоти томонидан кўрсатилиши режалаштирилаётган қўшимча хизматлар турлари ҳамда улар учун белгиланадиган тўловлар миқдори МТМларнинг Кузатув кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади.

Шунингдек, МТМлар томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси билан келишилган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори томонидан тасдиқланади.

Бундан ташқари, президент фармонида 1 апрелдан бошлаб боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат МТМларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилиниши айтилган. Уларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев февраль ойида Қорақалпоғистонга ташрифи давомида боғчаларга болаларни икки ёшдан бошлаб олиш режа қилинаётгани ҳақида айтганди.

«Боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш бўйича менинг ҳам ниятим бор. Аммо ҳали озроқ вақт бор. Иқтисодиётимизни салгина мустаҳкамлаб олайлик, кейин бу ишни амалга оширамиз», — деган эди ўшанда президент.