Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 250 грамм радиоактив моддани ноқонуний равишда сотишга уринган шахслар ушланди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар берди.

Таъкидланишича, 5 март куни Навоий вилояти ИИБ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ҳамда Навбаҳор тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир жараёнида туманнинг «Қалқонота» маҳалласида жойлашган «Шукрона» тўйхонаси олдида икки нафар шахс бир дона шиша идишга жойлаштирилган «Radiy Rа 226 02 5» ёзувли 250 гр радиоактив материални махсус харидорга 50 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Навбаҳор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 252-моддаси (Радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар белгиланган тартибида ушланган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрида Хоразмда симоб ва платинани 530 минг долларга сотаётган шахс ушланган эди.