Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ўзаро виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик мазмундаги материаллар тарқатиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди ЎзА.

Хусусан, Хива шаҳрида яшовчи, 2002−2004 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар шахс ўзларининг уяли телефон аппаратлари орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар билан танишиб, халқаро террористик ташкилотлар ҳамда диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг маърузаларини кўриб, тинглаб, атрофдагиларга ҳам тарқатиб келишган.

Шунингдек, улар Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилишган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулистондаги колонияда жазо ўтаётган фуқаро турли вилоятлардаги колонияларда жазо ўтаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликдаги киши билан Сурияга чиқиб кетишни режалаштирганликда гумонланаётгани хабар қилинган эди.