Россиянинг Федерал ҳаво транспорти агентлиги (Росавиация) Ўзбекистон ва яна еттита давлатга коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида икки йил аввал киритилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар эълон қилинди.

«Парвозлар Россия Федерацияси ва Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Ерон ўртасида ўзаро асосда ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битимлар ва авиация органларининг алоҳида шартномалари асосида амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Ушбу қарор 9 март санасидан бошлаб ҳам мунтазам, ҳам номунтазам авиарейслар учун амал қилади.

Агентлик қўшимча қилишича, Россия ўртасида парвозларни амалга оширадиган авиакомпаниялар коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун санитария чораларига риоя қилишлари керак.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам рейслар 2021 йил апрел ойида Тошкент — Москва йўналишидаги иккита рейсдан бошлаб қайта тикланганди. Шундан сўнг, аста-секин парвозларнинг сони кўпайди.