Айни вақтда ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Cotton Campaign бойкоти ҳақида фикр билдириб, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун очилаётган янги имкониятлар эканлигини қайд этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асалов хабар берди.

«Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, «Cotton Campaign» куни-кеча Ўзбекистонни «қора рўйхати»дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани. Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом-ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 млрд долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шу боис, хом-ашёни олиб келиб, тайёр маҳсулот чиқарган ва уни четга сотадиган (божхона ҳудудида қайта ишловчи) корхоналарга апрелдан бошлаб:

  • экспортчилар учун берилаётган барча имтиёзлар татбиқ этилади;
  • лойиҳалари доирасида техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди;
  • рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, 1 йил давомида ишлаб келаётганларига рухсатнома ҳар бир контрактига эмас, балки корхона фаолиятига берилади.

Бундан ташқари, олиб келган дастгоҳлари учун божхона божлари ҳам ундирилмайди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати Cotton Campaign коалициясининг ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш қарорини олқишлаганди. Президент матбуот котиби бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмаслиги ва бундан буён ҳам қатъий давом этишини таъкидлади, Сенат раиси эса буни «тарихий воқеа» деб атади.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган эди. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган.

Cotton Campaign инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалициясидир.

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилганди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.