Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор ўтказмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, йиғилишда 37 трлн сўмлик янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 2022−2023 йиллар учун 2,5 мингта лойиҳани ишга тушириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аниқ ижросини сўраш вақти келгани қайд этилди.

«Бугунги ўзгарувчан шароитда иқтисодиётимизни барқарор ўсишини таъминлашнинг энг самарали йўли — ички имкониятларни ишга солиш, яъни импорт бўлаётган тайёр маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришдан иборат. Бу миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши бўлиши керак. Буни ўйламаган, атрофдаги вазиятдан бехабар, сиёсатни тушунмайдиган ҳоким ёки тармоқ раҳбарининг ишлашга ҳаққи йўқ», — деди давлат раҳбари.

Президент кўп тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада ҳали дунёқарашини ўзгартирмагани, ҳозирги вазиятдан хулоса чиқармаётганини танқид қилди.

Ушбу дастур ижроси бўйича Фармацевтика агентлиги режани 51%га, «Ўзбекистон темир йўллари» эса 10%га бажармагани, саноат кооперацияси бўйича ишлар бошланмагани, «Иссиқлик электр станциялари» эса режани атиги 26%га бажаргани кўрсатилди.

«Шунинг учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевга „ҳайфсан“ эълон қилинди. Унинг иккала ўринбосарини (Дилшод Акбаров ва Алишер Темиров) ишдан олишга кўрсатма берилди», — дейилади хабарда.

Бош вазирга мазкур Агентлик фаолиятини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» раиси в.б. Хуснутдин Хасиловга «ҳайфсан», «Иссиқлик электр станциялари» раиси Фарҳод Абдурахмонов, «Ўзметкомбинат» директори Рашид Пирматов, «Ўзбекнефтгаз» раисининг биринчи ўринбосари Шаҳзод Алиризаевга қатъий огоҳлантириш берилди.

Январь-февраль ойларида «Электрон кооперация» портали орқали 860 млрд. сўмлик 5 мингта шартнома тузилган бўлсада, ижроси айрим ҳудудларда бажарилмагани, электрон савдоларда Қорақалпоғистон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1%ни ҳам ташкил қилмаслиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, йиғилишда бундан икки йил аввал озиқ-овқат саноати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиб, алоҳида вазир ўринбосари лавозими, махсус жамғарма ташкил этилгани, барча ваколатлар берилгани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев.

Лекин, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва унинг ўринбосари Анвар Асомов масалани ичига кирмаётгани, пастга тушиб тизимда амалий натижалар қила олмаётгани танқид қилинди. «Улар озиқ-овқат саноати бўйича бир ой муддатда ўзгариш қилмаса, уларга қатъий чоралар кўрилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бирорта ҳокимда ҳудудий импорт баланси, ички имкониятлар ва вилоятда ишлаб чиқарса бўладиган товарлар бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги таъкидланди.

«Бу борада ҳокимлар берган режалар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Бу мутлақо етарли эмас», — деди президент.

Вазирлар Маҳкамасига ҳукумат қарорини қабул қилиб, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбарининг мажбуриятлари, аниқ ҳисоб-китоблар, масъул ва жавобгарларни белгилаш топширилди.