Ўзбекистон Cotton Campaign халқаро коалициясининг ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлади. 10 март куни ташкилот 12 йилдан буён амалда бўлган бойкотни 2021 йилги пахта йиғим-терими вақтида тизимли болалар ва мажбурий меҳнат қайд этилмагани сабабли бекор қилди. Аввалроқ, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахтачиликда болалар ва мажбурий меҳнатдан воз кечганини эътироф этганди.

«Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бундан буён ҳам қатъий давом эттирилиши ва улар ортга қайтмаслигидан далолатдир», — деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева буни «тарихий воқеа» деб атади.

«Бу ютуқ Ўзбекистон Республикаси президентининг қатъий сиёсий иродаси, шунингдек, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан ХМТ ва уч томонлама шериклар билан биргаликда, фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштирокида амалга оширилган кенг қамровли ишлар туфайли эришилди», — деди у.

Бойкотнинг бекор қилиниши билан Ўзбекистондан пахта маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилишни кенгайтириш, шунингдек, тўқимачилик саноатига хорижий сармояларни жалб қилиш йўлидаги сўнгги асосий тўсиқ бартараф этилди, деб ёзади сенатор.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов эса бу бойкотни бекор қилишга уринишлар биринчи навбатда, «одамлар учун» бўлганини таъкидлади.

«Албатта, давлат ҳам ютмоқда, бироқ, биринчи навбатда биз фуқароларимиз, меҳнаткаш одамларнинг ҳуқуқларини белгилаб олдик. Ўйлайманки, биз бунга биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан эришдик», — дея қайд этди у.

Меҳнат вазири Cotton Campaign`га нафақат тўқимачилик соҳасида, балки қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам ҳамкорликни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган эди. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган.

Cotton Campaign инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалициясидир.

Аввалроқ Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилганди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.