10 март куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Россия ҳукумати раҳбари ўринбосари Дмитрий Чернишенко сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолади, деб хабар берди Россия ҳукумати матбуот хизмати.

Ҳужжат транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда янги туристик йўналишларни яратишга қаратилган.

Қўшма режа 20 та тадбирни ўз ичига олади. Жумладан, Россия ва Ўзбекистонда Туризм йилини ўтказиш, «Буюк ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик йўналишини ривожлантириш ва ишга тушириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, фестиваль, гастрономик, вино, экстремал, қишки ва бошқа туризм турлари учун махсус саёҳат пакетларини яратиш режалаштирилган. Ўзбекистон ва Россия талабалари учун ўқув саёҳатларини ташкил этиш режалаштирилган.

«Ўзбекистондаги туризм, авваламбор, ўзига хос архитектураси ва тарихи, меҳмондўст халқи, ажойиб таомлари бўлган шаҳарлардан иборатдир. Россияда ҳам чет эллик сайёҳларга таклиф қиладиган нарсалар бор. Булар Узоқ Шарқ минтақалари: Камчатка, Сахалин ҳамда Олтой, мамлакатнинг марказий қисмидаги тарихий шаҳарлар ва биз фахрланадиган яна кўп нарсалардир», — деди Дмитрий Чернишенко.