Вазирлар Маҳкамасининг 7 мартдаги «Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [101-сон] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил июндан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган Ўзбекистон ёшлари (ёш ватандошлар)га вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратилади.

Хусусан:

  • ёш ватандошлар фаолияти давомида хизмат турар жойлари билан таъминланади;
  • давлат органлари ва ташкилотларида камида 2 йил ишлаган ёш ватандошларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидия берилади.

1 июнгача «Ёш ватандошлар реестри» электрон тизими ишга тушиб, у ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинади.

Ҳар йили 1 мартгача давлат органлари ва ташкилотлари Ёшлар ишлари агентлигига ўз тизимида ишлаётган малакали ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимга тайинлаш бўйича асосланган таклифлар беради. Агентлик 1 апрелгача таклифларни ўрганиб президент Администрациясига тавсия киритади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг августида хорижда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида президент қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилганди. Унинг фаолиятини бошлаш учун 5 млрд сўм ажратилади. Фондни Васийлик кенгаши бошқаради, унга эса Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раислик қилади.