Абдулла Қўлдошев фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига маъқулланди

Депутатлар фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига Абдулла Қўлдошев номзодини маъқуллади. У маҳалла вазири лавозимига ўтган Турсинхан Худайбергенов ўрнини эгаллайди.

Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди, Зулайҳо Маҳкамова унга раҳбарлик қилади

Ўзбекистонда Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди. Депутатлар Зулайҳо Маҳкамова номзодини қўмита раҳбари ва бош вазир ўринбосари лавозимига маъқуллашди. У олдинроқ Тўрақўрғон тумани ҳокими ва Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Турсинхан Худайбергенов маҳалла вазири в.б. лавозимига маъқулланди

Депутатлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини в.б. лавозимига Турсинхан Худайбергенов номзодини маъқуллади. У 2018 йилнинг апрелидан бери ФВВга раҳбарлик қилиб келаётганди. Қолаверса, Турсинхан Худайбергенов президент маслаҳатчиси лавозимини ҳам сақлаб қолди.

Март ойида беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Март бошида ҳаво илиқ бўлади, 5 март кунидан эса об-ҳаво ёмонлаша бошлайди. Ой якунига қадар мартга хос беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ўзгидромет баҳорнинг илк ойи қандай бўлиши, қайси йилларда март ойи энг иссиқ ва энг совуқ бўлиб ўтганини маълум қилди.

2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 3 млрд долларга ортди

2021 йил давомида Ўзбекистон давлат қарзи 2,9 млрд долларга кўпайиб, 26,3 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этди. Ташқи қарзнинг 25,2 фоизи ёки 5,9 млрд доллар давлат бюджети учун жалб қилинган.

Янги ўқув йилидан 23 минг магистр қизнинг контракти пуллари бюджетдан тўлаб берилади

Президент Шавкат Мирзиёев янги ўқув йилидан магистратурада ўқиётган 23 минг нафар қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қопланишини маълум қилди. Бунинг учун 200 млрд сўм ажратилади. Ҳар йили аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишларида хотин-қизлар учун квотанинг камида 50 фоизи мақсадли ажратилади. Тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади.

«Қизларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаяпти». Шавкат Мирзиёев айрим сериалларни танқид қилди

Президент телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериалларни танқид қилиб, хотин-қизлар образи салбий бўёқларда тасвирланаётгани дунёқараши ҳали шаклланмаган қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган кино ва саҳна асарлари яратишни буюрди. Бунинг учун ижодкорларга грантлар ажратиш зарурлиги айтилди.

Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилинади

Президент Ўзбекистондаги 9309 та маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилиниши, улар аёллар масаласи ва уларнинг дарду-ташвишига жавоб беришини маълум қилди. Давлат раҳбари шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича фармонни имзолагани, қўмитанинг ҳудудий раҳбарлари ҳокимга ўринбосар бўлишини айтди.

1 сентябрдан хусусий секторда ишлаётганларга ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан тўлаб берилади

Шавкат Мирзиёев видеоселекторда ҳомиладорлик нафақасини тўламаслик учун тадбиркорлар аёлларни ишга олмаслигини танқил қилди. Таъкидланишича, 1 сентябрдан хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан кафолатли тўлаб бериладиган тизим яратилади. Энди уларга 4 ойга 2 млн сўм миқдорида бир марталик нафақа берилади.

Февраль ойида истеъмол секторида инфляция 0,5 фоизга тенг бўлди

2022 йилнинг февраль ойида истеъмол секторидаги инфляция кўрсаткичи 0,51 фоизни, йиллик нисбатда эса 9,69 фоизни ташкил қилди. Ой давомида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, уларнинг нархлари ўртача 0,6 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса ушбу маҳсулотлар 13,1 фоизга қимматлашган.

Молия вазирлиги ўқув маркази ўтказган қарийб 700 млн сўмлик тендерда ака-укага тегишли иккита фирма қатнашди

Молия вазирлиги қошидаги ўқув маркази «Молиячи маълумотномаси» бюллетенини чоп этиш учун қарийб 700 млн сўмлик тендер эълон қилди. Унда ака-укага тегишли иккита фирма қатнашган, холос. Молия вазирлиги «Газета.uz» тақдим этган маълумотларни ўрганиб чиқиб, улар тасдиғини топган тақдирда, тендер бекор қилинишини билдирди.

Эвакуация қилинган ўзбекистонликларнинг учинчи рейси Катовицедан учиб кетди

Украинадан эвакуация қилинган 253 нафар ўзбекистонлик чиққан учинчи махсус рейс Польшанинг Катовице шаҳридан Тошкентга қараб учиб кетди. Борт тахминан 20:45 да қўниши кутилмоқда.

Яна 258 нафар Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

1 март куни эрталаб Uzbekistan Airways`нинг иккинчи махсус рейси Украинадан эвакуация қилинган 258 нафар Ўзбекистон фуқаросини Польшадан олиб келди.

ССВ ЮНИСEФ билан биргаликда $102,5 млнлик лойиҳаларни амалга оширади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ўртасида 2022−2025 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» имзоланди. У тўртта асосий йўналишдан иборат вазифаларга жами 102,5 млн доллар ажратилади. Ҳамкорлик доирасида перинатал марказлардаги тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади, болалар вирусларга қарши эмланади, шифохоналар замонавий ускуналар билан жиҳозланади, мактаб ўқувчилари саломатлиги билан боғлиқ миллий стратегия ишлаб чиқилади.

Ерни расмийлаштириб бериш учун $200 минг сўраган давлат хизматчиси ушланди

Наманган вилоятида ерни расмийлаштириб бериш учун 200 минг доллар сўраган давлат хизматчиси қўлга олинди. Самарқанд вилоятида Миллия гвардия ходими 6 гектар ерни 157 минг долларга сотмоқчи бўлганлиги аниқланган. ДХХ бошқа ҳудудларда ҳам ноқонуний ер сотилиши ҳолатларини аниқлади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Уйқусиз тўрт кун». Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар таассуротлари

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг бортида Украинадан эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқаролари бўлган биринчи самолёти 28 февраль куни Тошкент шаҳрига келиб қўнди. Самолёт Польшанинг Катовице шаҳридан 251 ўзбекистонликни олиб келди. «Газета.uz» мухбири махсус рейс фуқаролари ва учиб келиш залида уларни кутиб олаётган инсонлар билан мулоқот қилди.