1 март куни соат 9:15да «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг иккинчи махсус самолёти Украинадан эвакуация қилинган 258 нафар Ўзбекистон фуқароси билан Польшанинг Катовице шаҳридан Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов маълум қилди. Биринчи рейс 28 февраль куни оқшомда 241 киши билан етиб келган эди.

Ҳозиргача Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва мутасадди ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Украинадан жами 509 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилган, дейилади ТИВ расмий вакили хабарида. Ҳозирги вақтда «Карчова» назорат-ўтиш пунктидаги тўпланиш жойида бўлиб турган 650 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари учун барча зарур шароитлар яратилган. Уларни олиб келиш учун яна қатор эвакуацион рейсларни ташкиллаштириш кўзда тутилган.

«Юртдошларимизни олиб келиш учун яна қатор эвакуацион рейсларни ташкиллаштириш кўзда тутилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари фуқароларнинг масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланмоқда ва уларнинг аэропортда бўлиб туришларини мувофиқлаштирмоқда. Элчихонада узлуксиз ишлайдиган тезкор штаб ташкил этилган.