Сешанба кунги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев таълим тизимининг барча поғоналарида ўқишга интилган хотин-қизлар қўллаб-қувватланиши ва уларга шароит яратиб берилишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2022−2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади.

Дастур доирасида пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Жойларда унинг техникумлари ҳам очилади.

«Шунингдек, айни пайтда аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади. Бунинг учун ҳар йили хотин-қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. «Бу имконият ҳали бизнинг тарихимизда умуман бўлмаган», — деди президент.

Йиғилишда таъкидланишича, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган 23 минг нафар қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Бунинг учун 200 миллиард сўм ажратилади.

Ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади.

Ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади.

Ëш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади. Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Давлат раҳбари мактабда ўқиётган қизлар ва маҳалладаги аёлларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратилишини таъкидлади.

2022 йил 1 июндан бошлаб бу борада янги тизим йўлга қўйилади:

  • ҳар бир вилоятдаги мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
  • ушбу марказлар аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқишини ташкил этади ва кейин уларга малакасини тасдиқлаб беради;
  • марказларда «устоз-шогирд» анъаналари асосида тажриба тўплаган хотин-қизлар ҳам малака ҳужжати олиш имкониятига эга бўладилар;
  • марказлар орқали 2022 йилда 30 минг нафар хотин-қизларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиб, малака ҳужжати бериш бўйича давлат буюртмаси жорий қилинади;
  • ҳар йили мактаб ва коллежларни битираётган 20 минг нафар қизларни IT соҳасида ўқитиш бўйича ҳам давлат буюртмаси бўлади;
  • 2023 йилдан ушбу тизим чет тилларини ўрганиш йўналишида ҳам жорий этилади.

Бугунги кунда 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратди.

Шу боис, қишлоқ жойларида бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотларга 2 миллиард сўмгача грантлар ажратилади.

Ўзи ёки қарамоғида ногиронлиги бор яқини бўлган хотин-қизларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш борасида, нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган грантлар миқдори 5 бараварга оширилиб, 200 миллион сўмгача етказилади. Амалда 40 миллион сўм.

«Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун, қўшимча шарт-шароитлар яратамиз», — деди президент.

Бунинг учун, энг аввало, тадбиркор аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022−2024 йиллар учун «Бизнес аёллар» дастури қабул қилинади. Ушбу дастур ижросига жами 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.