Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилади. Бу ҳақдаги қарорни Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни имзолади, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 1 февралда пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари оширилган эди, аммо 30 апрелда мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) ҳам 4,3 фоизга оширилди — ойига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача. Яъни гарчи Конституцияга кўра, пенсиялар, нафақалар ва қонун билан белгиланган бошқа турдаги ижтимоий ёрдамлар миқдори расман белгиланган МИХдан паст бўлиши мумкин бўлмаса-да, бу кўрсаткич пенсия ва нафақалар миқдоридан юқори бўлиб чиқди.

Шу муносабат билан пенсия ва нафақалар камбағаллик чегарасигача оширилди.

Қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда иш стажи тўлиқсиз чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори ойига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача (+4,3 фоиз) оширилади;

Боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа олувчи оиланинг бир нафар меҳнатга лаёқатсиз аъзоси учун энг кам пенсия миқдори амалдаги тартибга мувофиқ, оиланинг ҳар бир кейинги меҳнатга лаёқатсиз аъзосига тўланадиган пенсия ҳисобига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача оширилади.

Бунинг натижасида 751 мингта ёшга доир ва 110 мингта боқувчисини йўқотганлик пенсиялари МИХ даражасига етказилади. Пенсияларни ошириш учун Пенсия жамғармасидан қўшимча 180 миллиард сўм ажратилади, дейилади хабарда.

Пенсия жамғармаси пенсионерлар маблағларни май ойидан бошлаб оширилган миқдорда олишини таъкидлади.