Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамованинг номзодини бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раҳбарлигига маъқуллашди. Бу ҳақда Президент администрациясига яқин «Нигоҳ» Telegram канали хабар берди.

Ўзбекистон президентининг 1 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ Зулайҳо Маҳкамова лавозимга тайинланди.

Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова 1968 йилда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. У Наманган давлат педагогик институти ва Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Мутахассислиги бўйича — педагог.

У 2020 йил 4 мартдан бери Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Ундан олдинроқ Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Маълумот учун, 2020 йил февраль ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилганлиги сабабли, Хотин-қизлар қўмитасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинганди.

2021 йил март ойида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилган эди. Сенат раиси Танзила Нарбаева унга раҳбарлик қилади. Кенгашнинг асосий вазифаларига аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг таълим олиши, профессионал кўникмаларни эгаллаши ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш киради.