2022 йилнинг февраль ойида истеъмол секторидаги инфляция кўрсаткичи 0,51 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг февраль ойига нисбатан 9,69 фоизга тенг бўлди. 2022 йилнинг январь-февраль ойларида истеъмол бозорида нархларнинг ўсиш суръати 1,4 фоиз, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,7 фоизга тўғри келган.

Таққослаш учун: 2021 йилнинг январь-февраль ойларида инфляция 1,7 фоизни, ўртача ойлик ўсиш сурати эса 0,8 фоизни ташкил этди (2020 йилда мос равишда 1,4 ва 0,7 фоиз). 2021 йилнинг февраль ойида йиллик инфляция 11,4, 2020 йилда эса 13,5 фоиз бўлган.


2022 йилнинг февраль ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 0,6 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса ушбу маҳсулотлар 13,1 фоизга қимматлашган.

Бу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва аҳолига пуллик хизматлар 0,5 фоизга қимматлашган. Йиллик нисбатда ноозиқ-овқат маҳсулотлар 7,7 фоизга, пуллик хизматлар нархлари эса 6,5 фоизга ошган.

Февралда гўшт, сут, бошқа сут маҳсулотлари ва тухум нархлари сезиларсиз даражада (0,1 фоиз) арзонлашди. Шунингдек, ёғ-мой маҳсулотлари нархлари ҳам (0,2 фоиз) пасайди.

Йиллик нисбатда буғдой уни ва суякли мол гўшти нархлари 9 фоиз, қўй гўшти 8,4 фоиз ва янги соғилган сут нархлари 15,2 фоиз даражасида ўсган. Бундун ташқари, 2021 йилнинг февралига нисбатан пахта ёғи 27 фоизга, кунгабоқар ёғи 26,4 фоизга, шакар 22,7 фоизга, сариёғ эса 12,6 фоизга қимматлашган.


Мевалардан фақат мандарин (1,1 фоизга), сабзавотлардан эса картошка нархлари (0,5 фоизга) бироз арзонлашган. Қолган барча асосий мева-сабзавотлар нархида ўсиш кузатилган.

2022 йилнинг февралида спиртли ичимликлар 0,5 фоиз, жумладан, ароқ 0,7 фоиз, коньяк ва пиво 0,2 фоиз, вино 0,1 фоизга қимматлашди. Тамаки маҳсулотлари ушбу даврда 0,5 фоиз, шу жумладан, сигаретлар 0,6 фоиз, бошқа тамаки маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлашди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январь ойида инфляция кўрсаткичи 0,9 фоизни, йиллик нисбатда эса 9,8 фоизни ташкил қилганди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,3 фоизга ошган, энг қимматлаган соҳалардан бири ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари бўлди.