1 март куни Etender.uzex.uz давлат порталида Молия вазирлиги қошидаги молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази томонидан қарийб 700 млн сўмлик тендер эълон қилинди.

Тендер талабларига кўра, талабгорлар 2022 йил давомида «Молиячи маълумотномаси» бюллетенининг 1−12-сонларини ойма-ой чоп этишлари керак бўлган. Йиллик адади 51 минг донани ташкил этувчи мазкур бюллетенни чиқариш учун ўтказилган тендернинг бошланғич қиймати 758,5 млн сўм этиб белгиланган.

Ушбу тендерда 2 нафар корхона қатнашган бўлиб, улар орасидан INVEST BOOK МЧЖ ғолиб деб топилган. Қарийб 6 млрд сўм устав фондига эга ушбу МЧЖнинг уч нафар таъсисчиси мавжуд. Акцияларнинг 65,4 фоизи Садиков Шухрат Нигматджановичга тегишли. Унинг укаси, у билан тендерда рақобатлашган фирма таъсисчиси Садиков Дилшод Нигматджонович эса EUROASIA PRINT МЧЖнинг 100 фоизлик акциясига эга.

Фото: stat.uz сайтидан скриншот

Фото: stat.uz сайтидан скриншот

Иштирокчиларнинг қариндош эканлиги корхоналардан бирининг директори орқали тасдиқланди. «Газета.uz» ушбу масала бўйича Молия вазирлиги билан боғланиб, маълумотларни тақдим этди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Статистика қўмитасига корхона таъсисчиларининг қариндошлигини тасдиқлаш бўйича сўров юборилган.

«Ўрганиш бошланган, агар маълумот тасдиқланса, тендер бекор қилинади», — дея изоҳ берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Etender порталида жойланган маълумотга кўра, тендер 28 февраль куни ўтказилган, аммо EUROASIA PRINT МЧЖ вакилининг маълум қилишича, тендер бир ой аввал ўтказиб бўлинган. Молия вазирлиги матбуот хизмати эса тендер учинчи маротаба ўтказилаётгани, биринчи сафар (бир ой олдин) тендерда бирорта ҳам иштирокчи рўйхатдан ўтмаганини маълум қилди. Иккинчи тендерда эса биргина иштирокчи руйхатдан ўтган. Шу боисдан икки сафар ҳам тендер бекор қилинган. 28 февраль куни эса учинчи маротаба ўтказишга уринилган.

Шунингдек, вазирлик матбуот хизмати ҳозиргача ушбу корхоналар ҳисобига ҳеч қандай маблағ ўтказилмаганини таъкидлади. Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса юзасидан вазирлик қошидаги ўқув марказида ички текширув ўтказилади.

«Газета.uz» мазкур вазият юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳам сўров юборди.