1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериалларни танқид қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, «йиғилишда бугун сериалларда хотин-қизлар образи жуда юзаки, салбий бўёқларда тасвирланаётгани юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилган».

«Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар дунёқараши ҳали шаклланмаган қизларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган юксак бадиий, кино ва саҳна асарлари яратиш чораларини кўриш, бунинг учун ижодкорларга мақсадли грантлар ажратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Шу ўринда, оқила қизларимизга кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман. Бугун биз очиқ жамиятда яшаяпмиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, илғор ғояларни ўзлаштиришимиз керак. Лекин, миллий қиёфамизга путур етказадиган иллатлардан эҳтиёт бўлишимиз, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қиладиган мобиль иловалар ва интернет платформаларини яратиш муҳим экани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, январь ўрталарида ижтимоий тармоқларда Sevimli телеканали орқали намойиш этилаётган «Сабрия» миллий сериалидаги аҳлоқсизлик саҳналари жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Мазкур ҳолатга АОКА муносабат билдириб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.

«Газета.uz» аввалроқ «Сабрия» сериали билан боғлиқ ҳолат юзасидан Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Sevimli телеканали раҳбари Амира Рашидова ва Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов муносабатини эълон қилганди.

Шундан сўнг, Sevimli телеканалидаги «Сабрия» телесериали танқидидан сўнг телеканал бош директори ва бош муҳаррири лавозимини тарк этди, телеканал кузатув кенгашига эса вақтинчалик Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. «Газета.uz» бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Кейинчалик Кинематография агентлиги матбуот хизмати Sevimli телеканалида намойиш этилган «Сабрия» ва «Дайди қизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Телеканал агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузок» сериалларини суратга олган.

Воқеалар ривожида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлиги юзасидан текширув ўтказди. Унинг натижаларига кўра, Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланди. Шундан сўнг ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди.

Якунда маъмурий иш судда кўриб чиқилиб, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўзининг оила аъзоларига қарашли бўлган Sevimli TV`га давлат буюртмаларини берганликда айбли деб топилди. У максимум жазога — БҲМнинг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Бу юқори даражадаги давлат хизматчиси манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликка тортилган биринчи ҳолат.