Давлат хавфсизлик хизмати вилоятларда ерни ноқонуний сотиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатларни аниқлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Наманган вилоят қурилиш бош бошқармасининг Давлатобод туман бўлими мутахассиси тадбиркорга мансабдор танишлари орқали туман ҳудудидан 2 гектар ер майдони расмийлаштириб беришни ваъда қилганлиги аниқланган. Бундан ташқари, давлат хизматчиси ушбу ерга кўп қаватли уй ва ишлаб чиқариш объекти қуришга рухсат олиб беришини ҳам айтган.

Ушбу ёрдами учун тадбиркордан 200 минг АҚШ доллари олаётган вақтида давлат хизматчиси ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари томонидан ушланди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида Миллий гвардиянинг вилоят қўриқлаш бошқармаси назоратчиси муқаддам 2 маротаба судланган шахс билан тил бириктириб, Самарқанд туманидаги ўзганинг номида бўлган фермер хўжаликнинг 6 гектар ер майдонини 157 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Ушбу маблағлнинг 100 минг долларини олган вақтларида улар қўлга олинган.

Бошқа ҳолатда, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ўғли номида бўлган фермер хўжаликнинг 7,4 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 84 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Шунингдек, Оқдарё туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжалик балансидаги 4,8 гектар ер майдонини 45 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида, Ургут туманидаги фермер хўжалик бошқарувчиси эса 1 гектар ерни харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланганлиги айтилди.

Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Бектемир туманидаги боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзоси бўлган фуқаро ушбу ширкат ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 17 600 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги деҳқон хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансида бўлган 40 сотих суғориладиган ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаментининг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.