Бугун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳамда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде томонидан 2022−2025 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» имзоланди, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга доир умумий қиймати 102,5 миллион АҚШ долларига тенг қўшма чора-тадбирларни ўз ичига олади. У тўртта асосий йўналишдан иборат.

Биринчи йўналиш республикада перинатал хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ долзарб вазифаларга қаратилган.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилишга ихтисослашган тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, даволаш муассасалаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кам вазнли чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш чора-тадбирлари шулар жумласидан.

Иккинчи йўналиш миллий календарга киритилган вакциналар билан болаларни эмлаш, мавжуд санитар пунктларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, у орқали мамлакатда иммунизация жараёнларини такомиллаштириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидаги қатор умумтаълим мактабларининг санитария-гигиена ҳолати ҳамда ўқувчиларнинг саломатлиги учун муҳим бўлган сув таъминотини яхшилашга йўналтирилган йирик лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, болаларда йод етишмовчилиги, камқонликнинг олдини олиш сингари қатор масалалар ечими ҳам кўзда тутилган.

Учинчи йўналиш оналар ва болаларнинг овқатланишини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар. Улар орасида 6−23 ойлик болалар ва 35 ёшгача бўлган хотин-қизларни темир ҳамда фоли кислотаси билан таъминлаш, умумтаълим мактабларида овқатланиш стандартларини ишлаб чиқиш каби вазифалар бор.

Тўртинчи йўналиш ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишни назарда тутади. Бунинг доирасида мактаб ўқувчилари саломатлиги билан боғлиқ миллий стратегия ишлаб чиқиш, шу ёшдаги ўғил-қизларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимлари учун ўқув дастурлари тайёрлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи платформа яратиш каби лойиҳалар амалга оширилади.

Икки томонлама имзоланган «Йўл харитаси» ижроси мамлакатда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, шу йўналишда фаолият юритувчи тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибасини янада оширишга хизмат қилади.