Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ҳамда мустаҳкамлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, йиғилишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизими белгилаб берилди.

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласини энг муҳим йўналишлардан бири сифатида бежизга белгиламадик. Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича фармонни имзоладим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова тайинланди.

Аввалроқ, қўмита раиси бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритиши ҳақида ёзгандик.

Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади.

Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармасини ўзи бошқаради.

Республикадаги айни пайтдаги 9309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ва ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади.

Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари қандай конкурс билан танланган бўлса, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳам шундай очиқ конкурс асосида, тажрибали, обрў-эътиборли, тадбиркор аёллар орасидан лавозимига қўйилади.

Яъни, маҳаллада энди яхлит тизим ташкил этилади.

Бундан буён:

  • ҳоким ёрдамчиси — камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишга;
  • ёшлар етакчиси — ёшлар сиёсати ва ёшлар балансига;
  • хотин-қизлар фаоли — эса, аёллар масаласи ва уларнинг дарду-ташвиши ишлашга жавоб беради.

Ушбу 3 та йўналиш бўйича, уларнинг аниқ молиявий маблағлари бўлади.