Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Турсинхан Худайбергенов номзоди ҳам маъқулланди. Бу ҳақда Нигоҳ телеграм канали хабар берди.

Ўзбекистон президентининг 1 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ Турсинхан Худайбергенов лавозимга тайинланди.

У мазкур лавозимда 12 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланган Раҳмат Маматовнинг ўрнини эгаллади.

Турсинхон Худойберганов 2018 йилнинг апрелида Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланганди.

У бунга қадар 2010 йилнинг мартидан 2016 йил декабригача ФВВга раҳбарлик қилган. Ундан сўнг президентнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Айни вақтда у мазкур лавозимни ҳам сақлаб қолди.

Турсинхон Худойберганов (1951 йилда туғилган) — Тошкент педагогика институти (1974 йил) ва СССР ИИВ Академияси (1982) битирувчиси. 1974−1999 йилларда ИИВда турли лавозимларда ишлаган. 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2001−2006 йилларда — президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.