2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 26,3 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи»да маълум қилинди.

Ушбу қарздан, давлат ташқи қарзи — 23,6 млрд долларга, давлат ички қарзи эса — 2,7 млрд долларга тенг бўлди. Шунингдек, 2021 йил давомида давлат қарзи 2,9 млрд долларга ўсган. Охирги 5 йилда эса давлат ташқи қарзи 11,6 млрд доллардан 26,3 млрд долларгача ёки 2,2 баробарга ортган.

Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи динамикаси

Давлат қарзи 2021 йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, доллар ҳисобида ЯИМ тез сурьатларда, яъни 9,4 млрд долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати 39 фоиздан 38 фоизгача пасайган.

2020 йилдан бошлаб янги жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи миқдорларини қонуний чегаралаш амалиёти йўлга қўйилган. 2022 йил учун Ўзбекистон ҳукумати номидан ва Ўзбекистоннинг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6,0 трлн сўм миқдорида белгиланди.

2021 йилда давлат ташқи қарзи битимларига белгиланган лимит 5 млрд доллар, Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари ҳажми эса 4,92 млрд доллар миқдорида қайд этилди.

Fitch Ratings агентлигининг қайд этишича, пандемиядан кейинги даврда қарзлар бўйича мақсадли чегараларга риоя қилиш амалиётининг шаклланиши ва бюджет консолидациясининг барқарор стратегиясини амалга ошириш давлат молияларини асосий қулай рейтинг омиллари сифатида сақлаб қолиш учун муҳим аҳамият касб этади.

2021 йилдан ички мажбуриятлар бўйича давлат кафолатларини бериш амалиёти тўхтатилди ҳамда давлат корхоналари ва банклари ўз лойиҳаларини молиялаштириш учун, трансформация жараёнларига мувофиқ, жаҳон молия бозорларида давлат кафолатисиз маблағ жалб қилишга ўтказилаётгани айтилди.

2019−2021 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк», «Миллий банк», «Ипотека банк» банклари ҳамда UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз» компаниялари томонидан умумий ҳажми қарийб 2 млрд долларлик маблағлар халқаро облигациялар чиқариш орқали жаҳон бозоридан жалб қилинди. Ушбу маблағлар таснифига кўра давлат қарзи саналмайди. Бироқ ушбу ташкилотлар давлат назорати остидаги банк ва корпорациялар ҳисобланади.

2021 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,2 фоизи ёки 5,9 млрд доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Давлат ташқи қарзи иқтисодиёт тармоқлари кесимида тақсимланиши (01.01.2022 й. ҳолатига)

«Бюджет харажатларини ёпиш учун ташқи қарз жалб қилиш ўта самарасиз, оқибатлар келтириб чиқарувчи, бюджет дисциплинасини издан чиқарувчи, оқланмаган харажатларни ошириб боришга туртки бўлувчи практика ҳисобланади», — деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Fitch Ratings агентлиги ўзининг янги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти учун хатарлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантириб, мамлакат иқтисодиётининг кредитлаш ҳисобига юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ҳам ўсиб бораётгани қайд этилди. 2021 йил давомида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 2,2 млрд долларни (2020 йилда 1,8 млрд доллар) ташкил этди. Мазкур даврда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 917,6 млн долларга (2020 йилда 315,9 млн доллар) тенг бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташқи қарзни қонун нуқтаи назаридан олаётгани, қолаверса, шунинг ҳисобига ҳам ойлик, ҳам метро бўлаётганини таъкидлаганди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича ЯИМга нисбатан 38,9% кўрсаткич билан энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олгани маълум қилинганди.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 38,4%) ташкил этган эди. Молия вазирлигининг 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида 2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2% ни ташкил этиши прогноз қилинган. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66%и ташқи манбалар ҳисобидан қоплаш мўлжалланган.