«2 мингга яқин боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари ичимлик сувини ташиб келишга мажбур бўлмоқда» — президент

Шавкат Мирзиёев 1500 тадан ортиқ маҳаллада марказлашган ичимлик суви таминоти йўлга қўйилмагани, 2 мингга яқин боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари ичимлик сувини ташиб келишга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Бунинг ечими сифатида келгуси 5 йилда соҳага 40 трлн сўм инвестиция йўналтирилиши ва ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши айтилди. 2022 йилнинг ўзида бюджетдан 2 трлн сўм, халқаро молия ташкилотларидан эса 245 млн доллар жалб этилади.

Рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасалари тугатилади — президент қарори

Президент қарори билан бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритаётган, рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади. Антимонополия қўмитаси тегишли таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб боради.

Ўқитувчилар узр сўраган йиғилиш туман ҳокими ташаббуси бўлганлиги айтилди

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси мактаб ўқитувчилари ота-оналардан узр сўраган йиғилиш Марҳамат тумани ҳокимининг шахсий ташаббуси бўлганлигини маълум қилди. Туман ҳокими Бобуржон Йўлдошев бу ҳолатлар «ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса», улардан узр сўрашини айтди.

Меҳнат вазирлиги Бухоро вилояти ҳокими якшанба куни йиғилиш ўтказганига муносабат билдирди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов дам олиш куни тўртта туманда маҳаллалар раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида йиғилиш ўтказди. Давлат меҳнат инспекцияси вилоят ҳокими қонунчилик талабларини бузганини тасдиқлади.

Ўзбекистонда ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёшини 25 ёшгача ошириш таклиф этилди

Депутатлар ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёшини 21 ёшдан 25 ёшгача оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Бундан ташқари, барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилишни фақат ички ишлар органларининг рухсатномаси орқали амалга ошириш ва фуқаро эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонини 3 дона билан чегаралаш таклифи ҳам илгари сурилди.

2022 йил охиригача электрошокер ва газли қуроллар экспертизаси жорий этилади

Президент қарори билан 2022−2023 йилларда 10 дан ортиқ янги турдаги экспертизаларни ўтказиш йўлга қўйилади. Жумладан, видео ва фототехника, видеоларда транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш, газли ва электрошокер қуроллар, автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари портлаши, қолаверса, интернетда булутли сервислар экспертизаси ўтказилади.

Алишер Усмоновга алоқадор компаниялар «Капиталбанк» акциялариниинг бошқарув пакетини қўлга киритди

Finance TCI компанияси сешанба кунги битимдан сўнг «Капиталбанк»нинг жами 12,18 фоиз акциялари эгасига айланди. Маълумотларга кўра, Finance TCI Алишер Усмоновнинг USM холдингининг шўъба корхонаси бўлган «Телекоминвест» билан афилланган. Ушбу компаниялар биргаликда банкнинг умумий 61,54 фоиз акцияларига эгалик қилишни бошлади.

«Қайта кўриб чиқиш мумкин». «Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари — «иномарка» ларни олиб киришдаги бож ҳақида

«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров Ўзбекистонда хорижий автомобиллар импортига қўйилган божхона божи ўта юқори деган фикрга қўшилишини маълум қилди. Унинг фикрича, божхона тўловини «қайта кўриб чиқиш мумкин». У шунингдек, иқтисодчи Юлий Юсуповнинг автомобиль саноати монополияси ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди.

Тошкентда эркак 81 ёшли аёлга куч ишлатиб, 1 млн сўм пулини ўзлаштиргани айтилмоқда

Мирзо Улуғбек туманида эркак 81 ёшли кекса аёлдан сув сўраб, шундан сўнг, уни синтетик мато билан бўғиб, хонадондаги 1 млн сўмни ўзлаштиргани айтилмоқда. Тергов ҳаракатлари натижасида бу ишни амалга оширганликда 50 ёшли эркак гумонланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Январь ойида кам даромадли оилалар даромадининг 60% қисмини озиқ-овқатга сарфлади

Январь ойида кам даромадли оилалар харажатларининг 60 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига тўғри келган. Ушбу оилаларда харажатларнинг озиқ-овқатга йўналтирилган қисми юқори даромадли гуруҳга нисбатан 1,7 баробар кўпроқни ташкил этди. Бу ойда даромади нисбатан камроқ уй хўжаликлари гуруҳларининг озиқ-овқат инфляцияси 14,2 фоизга тенг бўлди.

Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди

Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича ЯИМга нисбатан 38,9% кўрсаткич билан энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Visual Capitalist томонидан эълон қилинган жаҳон қарзининг мамлакатлар кесимидаги ҳолатига оид маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон жами 188 та давлат орасида 153-ўринда бормоқда. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори давлатлар рўйхатида Япония, Судан ва Греция етакчилик қилмоқда.

Сут, мол ва қўй гўшти ишлаб чиқарувчилари учун субсидиялар икки бараварга оширилди

Президент қарори билан чорвачилик билан шуғулланувчилар томонидан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари 2025 йилга қадар божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Қолаверса, 2023 йил 31 декабргача йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми (4000 сўм) ва сутнинг ҳар бир литри (400 сўм) учун субсидия икки бараварга оширилади.

2022 йилда Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантиришга Жаҳон банкидан $300 млн жалб қилинади

Президент қарори билан Ўзбекистонда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадлари учун 2022 йилда Жаҳон банкидан 300 млн доллар кредит маблағлари жалб қилинади. Қолаверса, «Ветеринария фидойиси» ва «Чорвачилик фидокори» кўкрак нишонлари таъсис этилади.

ССВ ўзбекистонликларни коронавирусга қарши вакцина олишга чақирди

Январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилган беморларнинг 96% коронавирусга қарши вакцина олмаганлиги айтилди. Касалланганларнинг фақат 4,1 фоизи ковидга қарши эмланган, улар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган. ССВ вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганлигини таъкидлади.

Кеча 778 кишида коронавирус аниқланди

Сешанба куни 778 нафар фуқаронинг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани кўрсатди (бир кун олдин — 773 нафар эди), қолаверса, яна 133 киши (129 киши) пневмонияга чалинди. COVID-19 асоратлари оқибатида 4 киши вафот этди.

«Газета.uz» да эълон қилинган мақолалар:

UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши керак — Расул Кушербаев

Расул Кушербаев UzAuto Motors автомобиллари учун 85 фоизлик олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди. Депутат «Газета.uz» га берган интервьюсида олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини таъкидлади. «Ҳали кўрсатилмаган хизмат ва харид қилинмаган товар учун олдиндан тўлов қилиниши мантиқсиз ўзи», — деди у.