Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар мактабдаги таълим сифати ва битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш даражаси пастлиги учун ота-оналардан узр сўради. Kun.uz маълумотларига кўра, ушбу ташаббус туман Халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчисига (ушбу лавозим йил бошида пайдо бўлди) тегишли.

Нашрга келиб тушган мурожаатда қайд этилишича, 72-ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчилари саҳнага ота-оналар қаршисига чиқиб, улардан кечирим сўрашга мажбур қилинган.

«Мактабимизда 4 феврал куни туман ҳокимлиги вакиллари билан биргаликда ота-оналар йиғилиши ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг таълим олишидаги бўшлиқлар, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари танқид остига олиниб, устозлар ота-оналар олдида турғазиб қўйилди», — дейди шахсини ошкор этмасликни сўраган гувоҳлардан бири.

Хабар қилинишига кўра, директор бошчилик ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

Йиғилишда ўқитувчилар таркиби танқид қилинаётган вақтда айрим ота-оналар сўзга чиқиб, аксинча, устозлардан кечирим сўраган: «Сизларнинг ўрнингизда биз бўлишимиз керак». Бироқ ота-оналарнинг чиқишидан кейин ҳам масъулларнинг ҳаракатларида ўзгариш бўлмаган, улар тадбир туси ва риторикасини ўзгартиришга ҳаракат қилишмаган, пўписа қилишда давом этишган.

Педагоглардан бирининг айтишича, устозларнинг меҳнатлари инобатга олинмаган, уларни руҳан синдиришган. Ёш устозлар очиқ-ошкора «ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсудаман», дейишган.

Нашр маълумотларига кўра, «узр сўраш» маросими ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан кескин танқидга учрагач, бошқа мактабларда ўтказилган йиғилишларда директорлар ўз ходимларини саҳнага чиқаришмаган. Шу билан бирга шу каби йиғилишлар Марҳамат туманидаги 9-, 27-, 43-мактабларда ҳам ўтказилган.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларнинг шаънини ерга уриш балки давлат сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолашини маълум қилди.

«Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис бугун давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар», — деди у.

ХТВ раҳбари бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани унга қоронғу экани, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

«Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ергауришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!»

Ҳозирда ХТВнинг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолатни ўрганмоқда, дея таъкидлади вазир.

Жамоатчилик муносабати

Иқтисодчи Отабек Бакиров вазиятга изоҳ берар экан, «таълим учинчи синф калласи билан қолган саводсиз ҳокимлар ва уларнинг югурдак шотирлари қўлига топширилса шунақа бўлади», деди.

«Одам боласи бундай қилмайди, чунки одам боласини ўқитувчи ўқитади ва ўқитувчи қанчалар муқаддас эканини одам боласи жуда яхши билади. Юз берган воқеалар жиноят. Шунга яраша чора кўрилиши керак. Балки хаспўшлаб юборишар. Биринчи марта эмас», — деб ёзди у.

Davletovuz блоги муаллифининг фикрича, барча ўрганишлар фақат ва фақат марказдан бўлиши керак ва барча саволлар вилоятни ўз беклигига айлантириб олиб, доимо сувдан қуруқ чиқадиган вилоят раҳбариятига қўйилиши керак.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак.

Ҳокимликларнинг муносабати

Ҳолат юзасидан муносабат билдирган Марҳамат тумани ҳокимлиги «тадбир ижтимоий тармоқларда бошқача ҳолатда талқин қилинаётгани»ни билдирди. «Мактаб директори ва ўқитувчилар, ота-оналар иштирокида ўтказилган мурожаат кимнингдир руҳиятини синдириш мақсадида эмас, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, ҳолат юзасидан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам ўз муносабатини билдирди. Вилоят ҳокими ҳолатни ўз назоратига олгани, ўзи бошчилигида алоҳида ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилди.

«Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман. Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ Андижон шаҳар Халқ таълими бўлишида 57 млрд сўмлик молиявий қонунбузарликлар, камчилик ва талон-торожликлар аниқлангани ҳақида хабар қилган эдик. Прокуратура тергов олиб бормоқда.