Президент 8 февраль куни «Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-122-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат билан ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

  • ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди;
  • ИИВ таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилади;
  • ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берилди;
  • махсус илмий-техник ва интеллектуал салоҳиятга эга шахсларни мутахассис ёки техник ишчи сифатида эксперт-криминалистика бўлинмаларига шартнома асосида жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, экспертиза ва тадқиқотларнинг қуйидаги янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади:

2022 йил якунигача:

  • видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;
  • электр таъсирли қуроллар экспертизаси;
  • газли қуроллар экспертизаси;
  • газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси;
  • транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;
  • одам ДНКси биологик экспертизаси;
  • махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси;

2023 йил якунигача:

  • рақамли маълумотлар базаси экспертизаси;
  • Интернет тармоғида булутли сервислар экспертизаси;
  • фоноскопия экспертизаси.

2023 йил 1 январгача шахс, буюм ва ҳодисалар тўғрисида олинган ахборотлар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил якунигача суд-тергов фаолиятида ашёвий далил сифатида олинган синтетик турдаги гиёҳвандлик, шунингдек, психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг кимёвий таркиби бўйича марказлашган ахборот-қидирув тизимини яратиш чоралари кўрилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бакалавриат дастури бўйича таълим тизимида «рақамли криминалистика асослари» фани ўқитилиши йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» пойтахт ИИББга таяниб, январь ойи бошидан Тошкентда ИИВ ходимлари электрошокерлардан фойдалана бошлагани ҳақида хабар берганди. Фақатгина ИИВ томонидан тасдиқланган ходимларгина электрошокердан фойдаланишига рухсат берилган. Шунингдек, улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган махсус тайёргарликдан ўтиб, буни тасдиқловчи сертификат ҳам олишган.

Электрошокерлар, электродубинкалар ва электротўппончалар ички ишлар органи ходимларига йўл-патруль хизматини ва жамоат тартибини таъминлаш учун берилади.

Ички ишлар органлари ходими электрошокердан ўзига ёки фуқарога қилинган ҳужумни қайтаришда, жиноятни ёки ҳуқуқбузарликни тўхтатишда, жиноятга қўл урган одамни ҳибсга олишга ва яширинишга уринишда, қўлга олинган фуқаролар ва биноларни озод қилишда ҳамда оммавий тартибсизликларни олдини олишда фойдаланиши мумкин.