Ўзбекистоннинг 1500 тадан ортиқ маҳалласида марказлашган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилмаган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда маълум қилди. Йиғилишдан тайёрланган репортаж Ўзбекистон24 телеканалида эфирга узатилди.

Таъкидланишича, Қашқадарёда — 317 та, Қорақалпоғистонда — 208 та, Бухорода -190 та, Самарқандда — 167 та, Сурҳондарёда — 130 та, Тошкент вилоятида — 131та, Жиззахда — 126 та, Наманганда — 109 та, Навоийда — 61 та, Андижонда — 44та, Хоразмда — 37 та, Фарғонада — 11 та, Сирдарёда — 4та, пойтахда эса 5 та маҳаллада марказлашган ичимлик суви таъминоти мавжуд эмас.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«2 мингга яқин боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари марказий ичимлик суви тармоғига уланмагани боис сувни ташиб келишга мажбур. 30 йил бўлди мустақил бўлганимизга, лекин мана шу нарсалар ҳозир ҳам бор. Қандай оғир бўлмасин буни ҳам ўзимиз тан олиб, агар бугун ечимини топмасак, одамлар анча қилналаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг сўзларига кўра, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.

Мазкур муаммолар ечими учун президент келгуси беш йилда бу соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилганини маълум қилди. Бунга 2022 йилнинг ўзида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади, халқаро молия ташкилотлардан 245 миллион доллар жалб этилади. Маблағ сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларга қаратилади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари 1 ой ичида марказлашган ичимлик суви таъминоти йўқ махаллаларга бориб, йил якунигача сув билан таъминланишини тушунтиради.

Сув билан таъминлаш ишлари 3 хил йўналишда бажарилади. Хусусан:

  • Биринчидан, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортилади.
  • Иккинчидан, ерости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазилиб, сув иншооти қурилади.
  • Учинчи йўналишга кўра, қудуқ қазиш ва қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда катта сиғимли ҳовуз барпо этилиб, сув ташиб келтирилади.

Фото: Видеодан лавҳа.

«Ўзсувтаъминот» АЖнинг раиси вазифасини бажарувчи Соҳиб Саифназаровнинг 3 йўналишли лойиҳани шундай изоҳлади: «Биринчи йўналишда ер ости сувлар бор ҳудудларда маҳалла билан бирга шу жойда ҳашар йўли билан қудуқ қазилади ва тармоқ тортилади. Иккинчи йўналишда ижтимоий буюртма — нодавлат-нотижорат ташкилотлар иштирок этади, уларга давлатдан лойиҳанинг бир қисмига пул берилади. 2-қисми эса аҳоли ўз маблағи билан шу лойиҳада қатнашади. Лойиҳа амалга ошгач эса тармоқнинг сув тизимини аҳолининг ўзи бошқаради. Учинчи йўналишда марказий сув таъминоти тармоғи ёки ерости сув таъминоти билан таъминланиши мумкин бўлмаган жойлар — 200 та маҳалладан кўпроқ — уларга мошиналарда сув олиб борилади».

Шу вақтгача соҳадаги лойиҳалар, асосан, «Ўзсувтаъминот»нинг инжиниринг компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Йиғилишда маълум қилинишича, эндиликда ташкилотнинг ҳудудлардаги инжиниринг компаниялари вилоят ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади.

«Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудратчиларни аниқлаш ва молиялаштиришни очиш ҳам вилоятнинг ўзида бўлади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва „Ўзсувтаъминот“ акциядорлик жамияти лойиҳаларга техник талабларни белгилайди, экспертизадан ўтказади ҳамда эксплуатациясига масъул бўлади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қолаверса, бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш чоралари ҳам белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Бунда сув иншоотлари қуриш, махсус транспорт ва ускуналар харид қилиш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз бўлади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади», — дейилади хабарда.

Йиғилишда дарёлар ва ерости сувларини асраш масаласи ҳам муҳокама қилинган. маълумотларга кўра, бугунги кунда 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган.

Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш бўлгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.

Шу боис, бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Давлат геология қўмитаси томонидан бажарилади.Шу билан бирга, туман сув таъминоти ташкилотларига соҳадаги пуллик хизмат турларини белгилаш ваколати ва улар бўйича тушумлар ўтказилади. Ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар бюджетларидан маҳаллий «Сувтаъминот» корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этилади.

Қолаверса, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Ширин, Янгиер каби 28 та йирик ва ўрта шаҳарда канализация тармоғи қамровини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.