Ўзбекистонда автомобил импортига белгиланган божхона божи ўта даражада юқори, уларни қайта кўриб чиқса бўларди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раиси Азизбек Шукуров ўзининг Linkedin ижтимоий тармоғидаги саҳифасида таъкидлаган.

«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосарининг пости Kun.uz`да эълон қилинган иқтисодчи Юлий Юсуповнинг «Автомобил саноати монополияси туфайли қанча йўқотяпмиз?» номли мақоласига жавоб тариқасида ёзилган.

Иқтисодчи ўз мақоласида сертификат олишни автомобиллар импортида, жумладан, чет элдаги бренд автомобил ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари импортидаги тўсиқлардан бири эканлигини қайд этган. У ҳеч бўлмаганда халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўлган моделлар учун мажбурий сертификатлашдан воз кечишни таклиф этган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам республика ҳудудига олиб кириладиган автотранспорт воситаларини сертификатлаштириш ва климатик синовлар тартибининг мураккаблиги, хорижий корхоналар диллерлари томонидан импорт автомобилларга Ўзбекистон ҳудудида стандартлаштириш ва климатик синов талаблари меъёридан ортиқ қўйилганлиги қайд этганди.

Aзизбек Шукуров дунёдаги автомобил саноатига эга қайси давлатда сертификатлаштириш талаблари йўқлиги билан қизиққан. Шунингдек, у «Ўзстандарт» томонидан БМТ Европа иқтисодий комиссияси сертификатларини тан олишини, масалан, Хитой ва AҚШ бундай сертификатларни тан олмаслигини ва улар «ўзига хос талаблар асосида сертификат олишни талаб қилишларини» таъкидлаган.

Юлий Юсупов республика ҳудудига сертификатлаш мақсадида импортёр томонидан олиб кириладиган автомобиллар учун белгиланган климатик синовлар тартибига тўхталган. «Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари бундай талаб жисмоний шахслар учун ўрнатилмаганини айтган.

Иқтисодчи ўз ҳисоб-китобларига асосланиб, сертификатни қўлга киритиш учун импорт қилувчи ўртача 51,3 минг евро сарфлашга мажбур бўлишини қайд этган.

«Автомобил маркасининг ўртача актуаллиги вақти — 3 йил атрофида. Бу даврда юқори якуний нархлар ҳисобга олинса, импортёр Ўзбекистонда кўп автомобил сотолмайди. Айтайлик, битта сертификат билан (эслатиб ўтаман, у маълум бир двигателга эга маълум бир маркадаги автомобиль учун берилади) 3 йил ичида ўртача 20 та машина сотиши мумкин. Битта ўртача автомобилнинг нархи шунда 2565 еврога (51300/20) ошиши керак. Айни пайтда жисмоний шахс учун сертификатлаш нархи ҳар бир автомобиль учун 3,5−4 миллион сўмни ташкил этади», — деб ёзган у.

Азизбек Шукуров қайси ишлаб чиқарувчи/импортёр 3 йил ичида 20 та автомобиль сотиш бўйича бизнес-режа тузиши ва бундай ҳолда кичик ҳажм сертификатлаштириш талаби бекор қилинган тақдирда ҳам дилерлик шохобчасини ташкил этиш/сақлаш учун сармояни қай тарзда оқлаши мумкинлиги ҳақида савол берган.

У, шунингдек, (тегишли сертификатга эга) Россияда ишлаб чиқарилган дейлик, Lada автомобилларидан, божхона божи ундирилмаслигини таъкидлаган.

У Uzauto Motorsнинг бюджет сегментидаги автомобиллари нархи худди ўша General Motors томонидан бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган шу маркадаги автомобилларга нисбатан арзонроқлигини қўшимча қилган.

«Мисол учун, Кореяда Chevrolet Spark нархи — 8 минг доллар атрофида ва ундан юқори (Ўзбекистонда 73,4 млн сўмдан бошланади — таҳр.), Nexia Мисрда — 11 минг доллар атрофида ва ундан юқори (Uzauto Motors — 87,3 млн сўмдан), Cobalt Бразилияда — 15 минг доллар атрофида ва ундан юқори (Uzauto Motors — 97 млн сўм атрофида)», — дея хабар қилди у.

«Шу билан бирга, божхона божи қиймати юқорилиги ва уларни қайта кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақидаги фикрга қўшиламан», — дея қўшимча қилган компания вакили. Ҳозирда иномарка «растаможкаси» ўртача ҳисоблаганда автомобиль нархидан 50 фоизга кўпроқни ташкил этади, товар келиб чиқиши ҳақидаги сертификат бўлмаса, товар ставкаси машина нархидан ҳам қимматроққа тушиши мумкин.

Юлий Юсупов Азизбек Шукуровнинг саволларига Facebook`даги постида жавоб берган.

Шуни қайд этиш лозимки, Бразилия Cobalt автомобилидан 2020 йилда, Onix ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганда воз кечган.

АҚШ бозори учун Chevrolet Spark автомобили Кореянинг General Motors заводи томонидан ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга Украина ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида сотиладиган Chevrolet Spark (Ravon R2) Ўзбекистонда йиғилади. Кореяда ишлаб чиқариладиган автомобилларга нисбатан улар олдинги авлод саналади ва ўлчамлари билан бир қаторда дизайнида ҳам сезиларли фарқни кўриш мумкин.

Бунга қадар, Расул Кушербаев UzAuto Motors автомобиллари учун 85 фоизлик олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди. Депутат «Газета.uz»га берган интервьюсида олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини таъкидлади. «Ҳали кўрсатилмаган хизмат ва харид қилинмаган товар учун олдиндан тўлов қилиниши мантиқсиз ўзи», — деди у. Қолаверса, Кушербаев автомобиль импорти бўйича божхона божини камайтириш масаласига ҳам тўхталиб, бу қарорни қабул қилишга қатъий журъат кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ, «Газета.uz» UzAuto Motors компанияси 2021 йилнинг олти ойида 1,9 триллион сўмлик ($177,6 млн) божхона имтиёзлари ва преференцияларини олгани ҳақида хабар берган эди. Бу президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан таъминланган божхона божи, акциз ва ҚҚС бўйича имтиёзлардир. Ишлаб чиқариш ҳажми пасайгани билан, 9 ой якунлари бўйича автомобил ишлаб чиқарувчи компания ўзининг соф фойдасини 5,2%га — яъни 1,23 трлн сўмгача оширган (Марказий банкнинг 9 февралдаги курси бўйича $114 млн долларга).

Декабрда UzAuto Motors компанияси 1 февралга қадар Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатиши ҳақида эълон қилганди. Бу вақт оралиғида компания «аввал берилган буюртмалар бўйича автомобилларни ишлаб чиқаришни» режалаштиришини келтириб ўтганди. Аммо февраль ойидан бошлаб автомобил ишлаб чиқарувчи компания блэкаут ва олиб сотарлар туфайли шартномаларни қабул қилишни тиклай олмади.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда UzAuto Motors 236,6 мингта автомобилларни ишлаб чиқарган, бу 2020 йилдагига нисбатан 43,4 мингтага кам дегани (15,5%). Ўтган йилда жами 71082 Cobalt (-11%), 31466 Nexia (-52,6%), 51061 Gentra (+2%), 55068 Damas (+6,5%), 9915 Spark (-56,9%) ва 17308 Labo (+91,8%) ишлаб чиқарилган.

Чет элга 28952 та автомобиль ($281,8 млн) экспорт қилинган. Бу бир йил олдингига нисбатан 10,4 минг автомобилга кам.