Президентнинг 8 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022−2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022−2026 йилларга мўлжалланган дастур ҳамда дастурда белгиланган вазифаларни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадлари учун 2022 йилда Жаҳон банкининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Ветеринария фидойиси» ва «Чорвачилик фидокори» кўкрак нишонларини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Қўмитага бир ой муддатда «Ветеринария фидойиси» ва «Чорвачилик фидокори» кўкрак нишонлари тўғрисидаги низом лойиҳаларини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, ушбу соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
  • чорвачилик соҳасида сифат назоратини кучайтириш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қиймат занжирига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш;
  • табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тизимли йўлга қўйиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи чораларни кўриш;
  • чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш, ушбу соҳага замонавий бозор тамойилларини кенг жорий этиш;
  • чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини модернизация қилиш, соҳани диверсификация қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция ҳамда хорижий капитал оқимини кўпайтириш, шунингдек, инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;
  • чорвачилик хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қийматни яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш;
  • чорвачилик ва унинг тармоқларида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларини кенгайтириш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарадор шаклларини жорий этиш ҳисобидан илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш.

Қолаверса, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва ажратилган майдонлардан унумли фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир гектар суғориладиган ва лалми ер майдони ҳисобидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар меъёрларини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.