8 февраль куни Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов мактаб ўқитувчилари ота-оналар олдида таълим сифатининг пастлиги учун узр сўрашлари керак бўлган йиғилишларни ўтказиш ташаббуси шахсан Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошевга тегишли бўлганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳоким ҳар бир мактабда бундай йиғилишларни ўтказиш бўйича топшириқ берган. Азизбек Миркомилов ҳокимнинг шахсан мазкур ҳолат бўйича муносабат беришини талаб қилган.

Азизбек Миркомилов. Фото: ХТВ

Бошқарма бошлиғининг айтишича, вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов аппарат йиғилишида бирорта умумтаълим мактаби директорларига ва ўқитувчиларига интизомий чора кўриш ёки уларни камситиш мумкин эмаслигини қатъий кўрсатиб, огоҳлантирган.

«Шуни айтиб ўтиш жоизки вилоят ҳокими ўқитувчиларни эъзозлаши ва доимий устозларга кўмак беришини барча андижонлик зиёлилари яхши билади», — дейилади хабарда.

Азизбек Миркомилов бундай йиғилишлар ўтказилиши мумкин эмаслиги ҳақида туман халқ таълими бўлими мудири ҳоким ўринбосарини огоҳлантирганини таъкидлаб, бу ташаббус мудир томонидан берилмаганлигини айтди.

«Мазкур ҳолат юзасидан менга маълум бўлганидан сўнг, мен вилоят ҳокимининг ўринбосарига ва туман ҳокимига мазкур мазмундаги йиғилишлар вилоят ҳокимининг ва устозларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлишини айтганимдан сўнг, йиғилишларни ўтказилиши олди олинди», — деди вилоят таълим бошқармаси раҳбари.

У ўз вақтида йиғилишлар ўтказилишининг олдини олмагани учун ва устозларни ҳимоя қилмагани учун барчадан узр сўради.

«Руҳиятингизга таъсир қилган бўлса, узр сўрайман»

Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошев ўз видеомурожаатномасида ўтган йиғилишларни «ҳамкорлик йиғилишлари» деб атади.

Бобуржон Йўлдошев. Видеодан лавҳа.

«Муҳтарам президентимиз таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўтказган селектордан сўнг вилоятимиз ҳокими томонидан туманларда, мактабларда қилинадиган ишлар бўйича аниқ топшириқлар берилган. Ўз ўрнида, ҳеч бир раҳбар ва ўқитувчиларга чора кўрмаслик бўйича аниқ топшириқ берилган», — дея таъкидлади у.

«Марҳамат туманидаги ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамкорлигида ўтказилган мана шу ҳамкорлик йиғилишидаги ҳолатлар ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса, мен Марҳамат тумани ҳокими сифатида барча устоз ва мураббийлардан узр сўрайман», — деди Бобуржон Йўлдошев.

Туман ҳокими «барча устоз-мураббийларни доимо қўллаб-қувватлаб, уларга елкадош бўлиб, таълим сифатини ошириш, етук инсонларни тарбиялашда камарбаста» бўлишини қайд этди.

«Жазо чоралари кўрилишини таъминлайман»

Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов жамиятда кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлган ҳолат «устоз — мураббийларнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат» эканлигини таъкидлади.

«Устозларимизга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда „айрим“ раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди», — деди у.

«Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман», — деди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

«Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз», — деди у.