Ўзбекистонда ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёшини 21 ёшдан 25 ёшгача ошириш таклифи билдирилди. Бу 8 февраль куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Бекмурод Абдуллаевнинг таъкидлашича, республикада қурол муомаласи соҳасида лицензия ва рухсатномаларни бериш, уларни назорат қилиш функцияларини ягона давлат органига ўтказиш зарурияти ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишга асос бўлган.

Амалдаги «Қурол тўғрисидаги қонун»да фуқаролар ва хизмат қуроли ҳамда ўқ дорилар соҳасида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш ваколати — Миллий гвардия органларига, фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ дориларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш устидан назорат қилиш, аниқланган қоидабузарликлар бўйича чора кўриш вазифаси эса ички ишлар органларига юклатилган.

«Қурол тўғрисидаги қонун» қабул қилингач, ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, улоқтириш қуроли ва электрошокер қуролларига эгалик қилишга рухсат берилган.

Амалдаги Маъмурий жавобгарик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида ўқотар қуролни сақлаш қоидаларига риоя қилиниши, шунингдек, ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик белгиланган.

Аммо юқорида санаб ўтилган ўқотар бўлмаган қуролларга ноқонуний эгалик қилиш учун қонунчиликда жавобгарлик мавжуд эмас. Бу ҳолат эса айрим шахслар, айниқса ёшлар орасида қатор қонунбузарликлар содир этилишига олиб келмоқда.

Вазир ўринбосари шу ўринда, 1990 йилда туғилган О. таниши Х. билан келишмай қолиши оқибатида ёнида бўлган пневматик қурол билан Х.нинг турли жойларига 5−6 маротаба ўқ узиб тан жароҳати етказганини мисол қилиб келтирди. Шунингдек, жорий йил 20 январ куни 1990 йилда туғилган ҳайдовчи С. А. исмли ҳайдовчи билан оғзаки жанжаллашиб қолиши натижасида С. А.нинг автомашинасига қарата ўқ узган.

«Пневматик қуролдан фойдаланиш ҳолатлари купайиб бормоқда. Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза қилиш ҳамда жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча турдаги қуролнинг сақланиши, олиб юрилиши ва улардан фойдаланиш услуби устидан таъсирчан назорат тизими ўрнатилишини талаб этмоқда», — деди Бекмурод Абдуллаев.

ИИВ вакили шунингдек, чет давлатларда содир этилган шов-шувли жиноятлар, хусусан, Қрим, АҚШнинг Колорадо штати, Қозон шаҳри, Россиянинг Пермь давлат университетида рўй берган отишмаларни мисол тариқасида келтириб ўтди.

«Ўзбекистонда ҳам [бу сингари жиноятлар] содир этилишини олдини олиш мақсадида фуқаролик қуролига эгалик қилиш мезонларини тубдан кўриб чиқиш лозим. Сабаби ушбу ҳодисаларда қонуний равишда рухсатнома берилган ярим автоматик ўқ қуроли билан қуролланиб, таълим муассасаларида содир этилган мудҳиш жиноятлар оқибатида кўплаб ўқувчи ва ўқитувчилар бевақт вафот этган», — дея хулоса қилди вазир ўринбосари.

Юқоридаги ҳолатларни эътиборга олган ҳолда соҳада мавжуд муаммо ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида лойиҳада қуйидаги ўзгаришлар таклиф этилмоқда:

  • фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда ўқ дорилар муомаласи соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш вазифаларини миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказиш;
  • Қурол тўғрисидаги қонунга биноан ўқотар қурол (унинг ўқ дориларидан ташқари)нинг асосий қисмини бошқа ўқотар бўлмаган қурол ва унинг ўқ дорилари билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлик ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлиги учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгилаш;
  • қурол эгалари ва уларнинг яқин қариндошлари тиббий чекловлар бўйича даврий текшириш тартибини белгилаш, шунингдек қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари рўйхатларини тасдиқлаш;
  • амалдаги қонунларда қурол муомаласига доир тушунчаларни қурол тўғрисидаги қонунга мувофиқлаштириш;
  • ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёшини 21 ёшдан 25 ёшгача ошириш;
  • тузилиши қайта ўқланмасдан узлуксиз ўт очиш имконини берувчи силлиқ стволли ярим автоматик ўқотар ов қуролларини сойли (нарезной) стволли ов қуролига тенглаштириш;
  • ғайриқонуний мақсадларда маълум техник кўникмалар ёрдамида қайта жанговар ҳолатга келтирилиши мумкин бўлган ўқув ва вазн пахтавон габаритли қуролларнинг муомаласини таъқиқлаш;
  • барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилишни фақат ички ишлар органларининг рухсатномаси орқали амалга ошириш ҳамда фуқаро эгалигида бўлиши мумкин бўлган бундай қуроллар сонини уч дона билан чегаралаш;
  • фукаровий ов қуроли магазинининг рухсат этилган сиғимини 10 донадан беш донага камайтириш.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия каби давлатларнинг қонунлари ўрганилган.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.