Ҳозирда UzAuto Motors автомобилларини етказиб беришда олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш борасида таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram каналида хабар берди.

Депутат ушбу таклиф ҳукуматга киритилиши режалаштирилганини айтган. У 2005−2011 йилларда UzAuto Motors («GM Uzbekistan» АЖ) томонидан енгил автомобил етказиб бериш бўйича шартнома тузган фуқаролардан ўша шартнома нусхаларини @Kusherbayevga_murojaatbot бот манзилига юборишни сўраган. «Маълумотлардан фуқаронинг шахси эгасизлантирилган ҳолда таклифларни асослашда фойдаланилади», — деб қўшимча қилган депутат.

«Газета.uz» Расул Кушербаев билан боғланиб, ушбу таклиф бўйича тўлиқ маълумот олди.

— Нима сабабдан бу таклиф олиб чиқиляпти?

— Мен бу масала бўйича икки йил аввал материаллар чиқарганман. 1995 йилда қабул қилинган президент фармонига кўра (ПФ-1154), 15% олдиндан тўлов асосида ҳам товар харид қилиш мумкин деб кўрсатилган эди. Олдиндан тўловнинг энг кам миқдори 85 фоиз эмас эди. Шундан келиб чиққан ҳолда мен 2020 йилда пост ёзган эдим.

1995 йилда қабул қилинган фармоннинг 1-банди мен пост ёзган вақтда ўз кучида бўлган, лекин бахтга қарши, яқинда уни ўзгартиришга улгуришибди. Катта эҳтимол билан, шу масалани кўтарганимиздан кейин UzAuto`дагиларми ёки уни қўлловчиларми билиб қолишган шекилли, ўша фармондан 15% олдиндан тўлов қилиш мумкинлиги тўғрисидаги бандни олиб ташлашибди (ушбу банд 2021 йил 14 сентябрдаги президент фармони билан ўз кучини йўқотган — таҳр.). Агар бу ўзгариш қонун орқали бўлганида эди, ўз урнида бунга қандайдир таъсир кўрсатган бўлардик. Афсуски, бу қонун эмас, президент фармони бўлгани учун биз билмаганмиз.

Агар вазиятдан қутилиб чиқиб кетаман дейиладиган бўлса, шу ҳужжатларни ўзгартириб юраверишлари мумкин, ҳар кўйга солиб. Лекин, асосий масала шундаки, истеъмолчиларга қулайлик яратиш йўлида хоҳиш борми, йўқми? Агар хоҳиш ҳақиқатдан бўладиган бўлса ва истеъмолчиларни ҳурмат қиладиган ният бўлса, уларга қулайлик яратиш йўлида ишлаши керак.

Ҳали берилмаган, ҳали кўрсатилмаган хизмат, ҳали харид қилинмаган товар учун олдиндан тўлов қилиниши, юридик шахс бўлмаган ва жисмоний шахсларга нисбатан бунақа талаб қўйилишнинг ўзи замонавий дунёда — бу жудаям мантиқсиз ва афсусланадиган ҳолат. Масалан, сиз товарингиз ҳали етиб келадими йўқми, қанақа ҳолатда бўлади, буни кўрмай-билмай туриб, олдиндан тўлов қилишингиз керак.

Кейин бу бўйича Монополияга қарши кураш қўмитасига ҳам мурожаат қилганман. Нимага бу бўйича ҳукуматга таклиф бермаябсизлар, истеъмолчилар манфаати йўлида ҳаракат қилиш мумкин-ку деган мақсадда уларга масала қўйганман. Орадан анча вақт ўтди. Билишимизча, яқинда Монополияга қарши кураш қўмитаси UzAuto автомобилларини олишда бошланғич тўловни камайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқишмоқда экан. Мен уларга ўзимда бор маълумотлар ва таклифларни берганман.

— Неча фоизга камайтирилиши кутилмоқда?

— Менинг шахсий фикрим, энг кўп олдиндан тўлов 50%дан ошиши мумкин эмас.

Антимонополия ҳозирча аниқ рақамни айтгани йўқ. Улар балки олдиндан айтишмас. Лекин менинг фикрим шундай — энг кўпи 50%. Умуман айтганда, олдиндан тўловга аванс тариқасида қарайдиган бўлсак, 15%нинг ўзи етарли. Чунки илгариги тартиб бўйича шундай эди.

Ҳозир шунга асословчи ҳужжатларни тўплаш нуқтаи назаридан 2005−2011 йиллар давомида шартнома асосида автомобиль олганлардан шартнома нусхасини жўнатишни сўрадим. Биздаги маълумотлар бўйича айнан ўша даврда шартнома бўйича олдиндан тўлов 15% бўлган ва ўша вақтдаги фактлар бўйича 15% тўловнинг ўзи етарли бўлган. Бу шартномада кўрсатилган.

— UzAuto Motors`нинг харидорлар билан тузган шартномаларни фуқаролардан сўраб олиш қонунга хилоф эмасми?

— Бу давлат сирига кирмайди. Агар фуқаро буни ўз розилиги билан берадиган бўлса, қонун бузилиши йўқ. Лекин савол тўғри, ҳозир UzAuto максимал даражада бундан фойдаланиб, мени қонунни бузганликда айблашга ҳаракат қилиши мумкин. Ва бу биринчи марта эмас. Шуни ҳисобга олиб, шартномадан эгасизлантирилган ҳолда фойдаланилади. Агар фуқаро ўзи рози бўлган ҳолда шартнома нусхасини берадиган бўлса, ҳеч қанақа қонун бузилиши йўқ.

Бу каби шартномалар — давлат харидлари дейсизми ёки бошқа порталларда ҳам бор. Шунингдек, ҳатто суд қарорлари, суд ҳукмлари интернетда очиқ ҳолда қўйилаяпти. Яъни, бу ерда шахсга доир маълумотлар бузилади, деган нарса йўқ. Шартнома томонларнинг ихтиёри асосида тузилган ҳужжат. Бизлар фақат тўлов фоизи масалаларига аниқлик киритиш мақсадида буни сўраябмиз, холос.

— Ушбу тайёрланаётган таклифга UzAuto томонидан ҳам вакиллар таклиф этилдими, уларнинг ҳам фикрлари тингландими? Улар бу таклифни қанақа қабул қилишлари мумкин?

— UzAuto бунга қарши бўлиши аниқ. Фикримча, улар истеъмолчилар манфаати йўлидаги ҳаракатлар, ўзларига зарар келтириши мумкин бўлган нарсага ҳеч қачон рози бўлишмаса керак. Биз буни автомобилларга магнитола қўймасдан сотиш масаласида ҳам кўрдик. Олдиндан тўлов қилиб қўйгандан кейин одамларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти. Афсуски, ҳукумат, давлат бунга шундай кўз юмиб, қараб турибди.

Энди, очиқ айтаман, бир нечта депутат бўлиб буларга кучимиз етмаяпти. Бутун бир парламент бирлашиб, қандайдир ҳаракат қилганида балки нимадир бўлар эди. Ёки фракция ҳеч бўлмаса. Афсуски, бизни қўллаб-қувватловчилар кўп эмас. Шунинг учун, қанақадир имкониятларни топиб, истеъмолчиларга бу адолатсиз муҳит шароитида ҳеч бўлмаса имконият эшигини очиб берайлик деган мақсадда шу бошланғич тўловларини 85 фоиздан пасайтириш масаласини ҳал қилиб бермоқчимиз.

UzAuto бунақа таклифларни нормал қабул қилмайди. Чунки булар шунчаки осмондан келиб турган, ҳаводаги нарсага, яъни қилмаган иши учун олдиндан пул олиб, ўрганиб қолган. Бутун тизим шунга мослашган. Шунинг учун бу [олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш — таҳр.] уларнинг зарарига ишлайди. Чунки, олдиндан келиб турган 85% тўлов пулини камайтиришга ким рози бўлади?

Шунинг учун, буларни қўллаб-қувватлаётган ҳукуматнинг ўзига таклиф киритиш режалаштирилган.

— Қонунчилик палатаси фракцияларида бу масала кўрилаяптими?

— Йўқ. Қонунчилик палатаси бунақа масалаларни кўрмаган. Менимча бундан кейин ҳам кўрмаса керак. Билмадим. Қонунчилик палатасида монополияга қарши курашиш бўйича, рақобат тўғрисидаги қонунни ўзгартириш масаласи кўрилиши мумкиндир. Лекин ҳукумат автомобиль соҳасида берган имтиёзни бекор қилиш масаласини Олий Мажлис кўрмаяпти. Билмайман кўрадими ёки йўқми. Шахсан мен шу кунлар келишига ишонмайман.

— Автомобиль импорти бўйича божхона божини камайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилаяптими?

— Бунақа таклиф доимий кун тартибида турибди ва бу таклиф борлигини ҳукумат билади. Биз берсак-бермасак ҳам кун тартибидаги биринчи рақамли масала бўлса керак. Лекин бунга сиёсий ирода етмаяпти, назаримда. Яъни, уни қабул қилишга қатьий журъат керак.

Лекин буни бирдан бўлмасаям, босқичма-босқич камайтириб бориш йўли билан ҳал қилса бўлади. Қачонки [ҳукуматда] эркин бозор талабини тушунадиган иқтисодчилар, истеъмолчиларни ўйлайдиган иқтисодчилар кўпайса ҳал бўлади.

Олдиндан тўлов миқдорини камайтириш бўйича ҳаракатлар катта ишмасдир балки. Лекин мавжуд вазиятда ҳеч бўлмаса шу йўл билан енгиллик қилиш керак истеъмолчиларга, деган мақсадда буни қилмоқчимиз.