Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонликларни коронавирусга қарши вакцина олишга чақирди.

Вазирлик хабарида айтилишича, 2022 йилнинг январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига жами 8601 нафар бемор мурожаат қилган. Шулардан 6856 нафарини катталар (80%), 811 (9%) нафарини ҳомиладор аёллар, 934 (11%) нафарини эса болалар ташкил этди.

Маълумотга кўра, беморларнинг 8243 нафари — 96% коронавирусга қарши вакцина олмаган. Касалланганларнинг 358 нафари, яъни 4,1 фоизи COVID-19 га қарши эмланган. Вакцина олган беморлар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган, дейилади ССВ хабарида.

Вазирликнинг таъкидлашича, вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган.

«Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор юртдошларимизни ўз саломатлигига эътиборли бўлиб, коронавирусга қарши вакцина олишга ҳамда бустер доза билан эмланишга чақиради», — дейилади баёнотда.