Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича ЯИМга нисбатан 38,9% кўрсаткич билан энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Visual Capitalist томонидан эълон қилинган жаҳон қарзининг мамлакатлар кесимидаги ҳолатига оид маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон жами 188 та давлат орасида 153-ўринда бормоқда.

Рўйхат бошидан Япония (256,9%), Судан (210%) ва Греция (207%) ўрин эгаллаган бўлиб, мазкур давлатлар давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган давлатлар орасида етакчилик қилмоқда.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари орасида нисбатан юқори давлат қарзи даражаси Қирғизистон (67,6%) ҳамда Тожикистонда (49,3%) қайд этилган. Қозоғистон ва Туркманистонда давлат қарзининг ЯИМга нисбати мос равишда 25,2% ва 27,0% га баҳоланиб, энг хавфсиз кўрсаткичлар сафидан ўрин олган.

Жаҳон банки тадқиқотлари шуни кўрсатадики, давлат қарзининг ЯИМга нисбати узоқ муддат 77% дан юқори ҳолатда сақланиб қолса, бу мамлакат иқтисодиётининг секинлашишига олиб келади. Маълумот учун, 2020 йилдан Ўзбекистонда давлат қарзининг хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 60% этиб белгиланган.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 38,4%) ташкил этган эди. Молия вазирлигининг 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида 2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2% ни ташкил этиши прогноз қилинган. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66%и ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши мўлжалланган.

Fitch Ratings агентлиги ўзининг янги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти учун хатарлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантириб, мамлакат иқтисодиётининг кредитлаш ҳисобига юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилган эди.

Жаҳон банкига кўра, COVID-19 ривожланаётган давлатлар қарз юкини сўнгги 50 йиллик даврдаги рекорд даражага олиб чиқди. Айниқса, паст даромадли мамлакатларда вазият кескин, сабаби уларнинг ярмида пандемиягача бўлган даврдаёқ қарз билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди ёки қарз муаммоси хавфи юқори бўлган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, пандемия ортга чекинган тақдирда ҳам, қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб боради ва натижада қарз юки узоқ вақт мобайнида сезилиб туради. Бу, ўз навбатида, тикланишни секинлаштириши ва бошқа ривожланиш мақсадларидаги саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилиши мумкин.