Январь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 13,1 фоизни ташкил этган бўлса, истеъмол товарлари нархларининг ўзгариши аҳолининг турли даромадли гуруҳларида ҳар хил қийматга эга бўлган. Бу ҳақда Марказий банкнинг «2022 йилнинг январь ойида аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳи»да сўз боради.

Манба: Марказий банк маълумотлари

Хусусан, январь ойида жон бошига 2 млн сўмгача даромадга эга уй хўжаликлари гуруҳларининг озиқ-овқат инфляцияси 14,2 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2 млндан 4 млн сўмгача даромадга эга хўжаликларда 10,9 фоизни, даромади 5 млндан ошган оилаларда эса 7,8 фоиз миқдорида қайд этилган.

Бундан кўринадики, даромадлари нисбатан кўпроқ бўлган уй хўжаликларида инфляция даромади пастроқ бўлганларига нисбатан 1,8 баробарга камроқ бўлган. Таъкидлаш керакки, бунда даромадлар ўртасидаги фарқ ҳам 2,5 баробарни ташкил қилади.

Даромадлари 2 млн сўмгача бўлган оилалар харажатларининг 60 фоизи озиқ-овқатга сарфлаган. Юқори даромадли гуруҳларда эса бу кўрсаткич 30 фоиздан кўпроқ бўлган.

Кам даромадли гуруҳлар харажатлари таркибида озиқ-овқатга йўналтирилган қисми юқори даромадли гуруҳникидан 1,7 баробар кўпроқ бўлган. Юқори даромадли гуруҳда бу кўрсаткич 40 фоизга кам шаклланган.

Ўз навбатида, бу нисбатан кам даромадли аҳоли харажатлари таркибида нархлари юқори ўсган маҳсулотлар улушининг катталиги, улар томонидан нархлар ўсишини кўпроқ сезилишига сабаб бўлмоқда. Гуруҳлар бўйича инфляция даражаси ойлар кесимида таҳлил қилинганда, инфляция кўрсаткичи юқори бўлган даврда яъни февраль-апрель ва октябрь-декабрь ойларида даромадлари нисбатан камроқ аҳоли гуруҳлари истеъмол товарлари ойлик инфляцияси юқори даражада шаклланган бўлса, нархларнинг мавсумий арзонлашиш даврида, яъни май-август ойларида ушбу гуруҳ вакиллари учун ойлик инфляция даражаси кўпроқ пасайган.

Шунингдек, Марказий банк томонидан 2022 йилдан бошлаб аҳоли томонидан энг кўп истеъмол қилинадиган ва яшаш учун зарурий ҳисобланган озиқ-овқат маҳсулотларнинг — ижтимоий товарларнинг нархлари ўзгаришини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилгани маълум қилинди.

2022 йилнинг январь ойида ҳам ижтимоий товарлар нархлари ўсиши умумий инфляциядан юқори шаклланиб, 13,4 фоизни ташкил этди. Ҳозирда ижтимоий товарлар нархлари ўсиши билан умумий инфляция ўртасидаги тафовут 2021 йилнинг август ойида 10 фоиз бандгача кенгайган бўлса, 2022 йилнинг январь ойида — 3,6 фоиз бандгача қисқаргани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк томонидан 2021 йил якунлари бўйича инфляция оралиқ мақсадли кўрсаткич даражасида — 10% бўлгани маълум қилинганди. Бироқ 2022 йил якунига қадар иқтисодиётда сақланиб қолаётган «нисбатан қатъий» пул-кредит сиёсати инфляциянинг пасайишига хизмат қилади.