«Биз кўп вақт йўқотганмиз». Шавкат Мирзиёев мактаб таълимидаги муаммолар ҳақида

Президент жума кунги видеоселекторда мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, 1,5 мингдан ортиқ мактаб мукаммал таъмирга муҳтож, ҳанузгача пахсадан қурилган 179 та мактаб мавжуд. «Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгаши ташкил этилади, унга президент раҳбарлик қилади

Президент туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилишини маълум қилди. «Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев. Қолаверса, бугундан «ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги» бошлангани эълон қилинди.

Тошкент ҳайвонот боғида аёл киши қиз болани айиқлар вольерига ташлаб юборди

Тошкент ҳайвонот боғида аёл киши кичик қизалоқни 5 метр баландликдан айиқлар вольерига ташлаб юборди. Бола фақат тушиш натижасида жароҳат олди. Аёлнинг қилмиши сабаблари ўрганилмоқда.

Ўзбекистондаги илк экошаҳар Фарғонада қурилади

«Янги Ўзбекистон» массивлари туркумига кирувчи илк экошаҳар Фарғона вилояти марказида 300 гектар майдонда бунёд этилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилгани, экошаҳар икки йилда фойдаланишга топширилишини таъкидлади.

«Соғлом турмуш тарзи» платформаси учун бюджетдан 100 млрд сўм ажратилади

Президент қарорига асосан «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш мақсадида давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, ҳар йили туман ва шаҳарлардаги намунали маҳаллаларда замонавий фитнес кўчалари ташкил этилади.

Сўров: 81 фоиз ёшлар коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар беришга тайёр

Антикоррупция агентлиги ва U-Report биргаликда 7 ёшдан 35 ёшгача бўлган 18 мингдан ортиқ фуқаролар орасида коррупцияга оид сўров ўтказди. Респондентларнинг 51 фоизи коррупциянинг моҳиятини тўғри тушунади, 46 фоизи эса порахўрликка салбий муносабатда. Сўровнинг 81 фоиз қатнашчиси коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар беришга тайёрлигини маълум қилган. Қолаверса, ёшлар уларни пора беришдан тўхтатадиган 4 та асосий сабабни ҳам келтирган.

Олий таълим вазирлиги ОТМлардаги назорат тестлари билан боғлиқ ҳолатни масъулиятсизлик дея баҳолади

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти ва Фарғона давлат университетида қишки семестрни якунлашга мўлжалланган имтиҳон саволларида камчилик ва хатолар акс этган суратлар тарқалди. АДТИ ушбу хатоликларни тан олиб, «талабалардан узр сўради». ФарДУ эса хабарлар фейк эканлигини айтмоқда. Олий таълим вазирлиги «Газета.uz»га берган изоҳида мазкур ҳолатларни «ОТМларнинг масъулиятсизлиги сифатида баҳолади».

2021 йилда Ўзбекистондан 20 мингдан ортиқ киши хорижга кўчиб кетган

2021 йилда Ўзбекистондан 20,14 минг киши хорижий мамлакатларга кетди. Уларнинг ярмидан кўпи — 56,6 фоизи Қозоғистонга кўчиб ўтган. Шунингдек, йил давомида 1875 киши мамлакатга кўчиб келди.

Келгуси 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тасдиқланди

Президент фармони билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Унга кўра, 2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинади. Қолаверса, 2023 йилдан ҚҚС 12 фоизгача туширилади.

Чакана савдо ва умумий овқатланиш субъектларига ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади

Шу йилнинг 1 апрелидан 2025 йил 1 январигача чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади.

Ўзбекистонда ҳар тўртинчи аёл баъзи ҳолларда зўравонликка дуч келган, 7 фоиз аёл учун эса бу одатий ҳол

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти 6 та ҳудудда яшовчи 800 нафар хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказди. Унинг натижаларига кўра, аёлларнинг 60 фоизга яқини турмуш ҳаётида зўравонликка дуч келмаганини қайд этган бўлса, қолган 40 фоизи камситиш ва зуғум ўтказилаётганини баён қилган. Ҳар тўртинчи аёл баъзи ҳолларда зўравонликка дуч келишини, 7 фоиз аёл эса бу одатий ҳол эканлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон 2026 йил охиригача камбағалликни икки бараварга қисқартирмоқчи — Жамшид Қўчқоров

Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон 2026 йил охиригача камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Унга кўра, белгиланган мақсадга эришишнинг асосий шарти сифатида макроиқтисодий барқарорлик ва турғун иқтисодий ўсишни юқори суръатларда таъминлаш вазифаси белгиланган.

Умарбек Халилов Давлат экология қўмитаси раисига биринчи ўринбосар бўлди

Нурота тумани ҳокими Умарбек Халилов Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон иккиламчи бозорида уй-жой нархи 5,1 фоизга қимматлашди

Иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи IV чорак давомида ўртача 5,1 фоизга кўтарилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида нархлар 4,2 фоизга ўсган. Бухоро, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида нархлар 10 фоиздан юқорироққа ўзгарган. Шунга қарамасдан, республикадаги энг арзон уй-жойлар Сирдарё вилоятида экани қайд этилди. Жаҳон бозорида ҳам нархлар ошган.

Наманганда собиқ участкавойга 7 та модда бўйича айблов эълон қилинди

Наманганда суд ИИБ раҳбариятининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида маълум қилган собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. У Жиноят кодексининг 7 моддаси, жумладан, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқалар бўйича айбланмоқда. Судланувчи айбловларни рад этмоқда.

2021 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 21 млн сўмдан ортиқни ташкил қилди

2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 734,6 трлн сўм ёки 69 млрд долларни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 2020 йилга нисбатан 5,3 фоизга ўсиб, 21 млн сўмдан ортиқроққа етди.

Эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга патронаж ҳамшираси бириктирилади

Президент қарорига асосан эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади. Ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет учун мақсадли скринингдан ўтказилади. Қолаверса, 25 ёшдан ошган беморларга инсулин, метформин ва бошқа дори воситалари бепул берилади.

COVID-19: Қарийб 1200 кишида вирус аниқланди

Пайшанба куни 1186 киши топширган тест таҳлилларида коронавирус инфекцияси аниқланди. 3 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этди. Қолаверса, 216 кишида пневмония қайд этилди.

Қозоғистон электр энергиясидаги узилиш Сирдарё ИЭС туфайли рўй берганини тасдиқлади (2-қисм)

Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқлари оператори минтақа энергия тизимидаги узилишлар Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда содир бўлган қисқа туташув туфайли юз берганини яна бир марта тасдиқлади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Марказий Осиё зулматда. Аварияга нима сабаб бўлди, у такрорланиши мумкинми, энергия ҳалқаси қандай тузилган? (1-қисм)

25 январь куни Марказий Осиё энергетика тизимида улкан авария юз берди. У Ўзбекистонда электр станциялари, газ конлари, аэропортлар, вокзаллар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа инфратузилмалар фаолиятининг тўхташига олиб келди. Сиёсатшунос, электр энергетикаси бўйича эксперт Пётр Своик «Газета.uz» га берган интервьюсида ушбу коллапснинг юз бериши сабаблари, минтақа энергия ҳалқаси қандай тузилишга эгалиги, АЭС қурилиши вазиятни ўзгартириши мумкин-мумкинмаслиги ва ушбу инқироз яна такрорланиши эҳтимоллари ҳақида сўзлади.

Ташқи савдо дефицитининг ўсиши. Бу миллий иқтисодиётимиз учун хатарлими?

2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдо дефицити 8,8 млрд долларга етди. Айримлар импорт ҳажмининг экспортдан юқори бўлишини иқтисодиёт учун хатарли деб ҳисоблайди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев дефицитни камайтириш мақсадида қўлланиладиган ҳар қандай чоралар унинг ошишидан кўра хатарлироқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.