Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилнинг IV чорагида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари Ўзбекистон бўйича 5,1 фоизга ўсган. Хусусан, Тошкент шаҳри бўйича нархлар 4,2 фоизга ошган.

2021 йилда 2020 йилга нисбатан 14,5 фоизга кўп олди-сотди шартномалари амалга оширилди. Уй-жой олди-сотди шартномаларининг сезиларли ўсиши Наманган (42 фоиздан ортиқ), Бухоро (+38 фоиз), Андижон (+34 фоиз) ва Самарқанд вилоятларида (31 фоиздан ортиқ) кузатилди. Шу билан бирга, пойтахтда уй-жой сотиб олиш ва сотиш бўйича битимларнинг улуши 2020 йилдаги 33 фоиздан 2021 йилда 29 фоизгача камайди, Тошкент вилоятида эса 14 фоиздандан 12 фоизгача пасайди.

Шунингдек, бир неча вилоятларда уй-жой нархлари ўсиши 10 фоиздан юқори кўрсаткични қайд этган. Жумладан, Бухоро вилоятида — 14,5%, Андижон ва Сирдарё вилоятларида — 12,1%, Самарқанд вилоятида эса — 10,7 фоизга қимматлашиш кузатилган. Нархларнинг юқори ўсиш суръатларига қарамай, Сирдарё вилояти мамлакатда энг арзон уй-жой сотиб олиш мумкин бўлган ҳудуд бўлиб қолмоқда.

2021 йил II-IV чораклари учун иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нархлар (минг сўм; % чоракдан чоракка ўзгариши)

Фото: Марказий банк

Марказий банкнинг қайд этишича, уй-жой нархларидаги ўзгаришлар инфляция кўрсаткичи, пул ўтказмалари ҳажмидаги ўсиш ва айирбошлаш курсининг барқарорлиги билан боғлиқ.

«2021 йил августдан бошлаб Ўзбекистонда, айниқса Тошкент шаҳрида уй-жой нархларига ҳаддан зиёд таъсир ўтказувчи яна бир омил пайдо бўлди. Бу — ернинг бозор нархи. Ернинг легал бозор нархи ва обороти қонунчиликда легитимлашгандан кейинги ўтган ойларда ер нархи жуда юқори суръатда ошиб бормоқда. Бу ҳозирча Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда кузатиляпти. Лекин яқин ойларда қолган марказларда ҳам буни сезиш мумкин бўлади. Назаримизда, Ўзбекистонда 2022 йилда қимматлашадиган энг асосий актив ер бўлади», — деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Кўчмас мулкнинг жаҳон бозоридаги ҳолати

Қайд этилишича, 2021 йил давомида жаҳон кўчмас мулк бозорида ҳам нархлар ўзгаришда давом этди, пандемия ва вируснинг янги штаммлари ушбу тенденциянинг тезлиги ва интенсивлигини оширди. Уй-жой нархига, биринчи навбатда, паст фоиз ставкалари катта таъсир кўрсатди, бу кўчмас мулкнинг инвестицион жозибадорлигини оширди, шунингдек, макроиқтисодий жараёнлардан чекланган таклиф ва инфляция ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Хусусан, 2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб инфляциянинг тезлашиши аҳолининг ўз жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилиш истагини уйғотган асосий омилга айланди.

Маълумот учун: пандемия даврида барча тартибга солувчи органлар — ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатларда — пул сиёсатини мос равишда юмшата бошладилар, бу маблағларнинг активларга, шу жумладан кўчмас мулкка йўналишига сабаб бўлди. Ўсиб борувчи инфляция бутун дунёда инвесторлар ва аҳолини ташвишга соладиган асосий масалага айланганда, кўчмас мулкка ҳимояланган актив сифатида қаралади.

Knight Frank консалтинг компанияси томонидан тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг III чорагида
уй-жойнинг ўртача нархи йиллик ҳисобда 9,4 фоизга ошди (таққослаш учун: иккинчи чоракда ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,2 фоизни ташкил этган).

Нархлар индекси шакллантирилган 56 та давлатдан 54 тасида ўсиш кузатилди. Шуни таъкидлаш керакки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида юқори инфляция даражаси туфайли номинал ва кўчмас мулк нархларининг ўсиши фарқ қилади.

Тўртинчи чорак бошида дунёда энг йириклардан бири бўлган Хитойда кўчмас мулк бозорида вазият кескинлашуви содир бўлди. China Evergrande ишлаб чиқарувчисининг ликвидлик инқирози мураккаб ва кенг кўламли хусусиятга эга бўлиб, жаҳон молия бозори иштирокчиларида инқироз қўрқувини уйғотди.

Хитой Халқ банки мамлакат молия тизими назорат қилиниши мумкинлигини айтди. Халқаро валюта жамғармаси ҳам Хитойда барча зарур нарсалар мавжуд, деб ҳисоблашини маълум қилди. Жаҳон бозорлари учун салбий оқибатлардан бири Хитойда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши бўлиши мумкин, бу эса импорт қилинадиган хомашё ва товарларга бўлган талабнинг қисқаришига таъсир қилади. Шунингдек, инвесторлар фаоллигининг ва қимматли қоғозлар бозорида сотувнинг пасайишига, яъни Хитой пул бирлиги юань ва ривожланаётган мамлакатлар валюталарининг қадрсизланишига олиб келади.

Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг прогнозларига кўра, 2022 йилда кўпчилик мамлакатлар пул-кредит сиёсатининг нисбатан қаттиқлашишини кутмоқда (2021 йилда бошланган фоиз ставкаларининг янада ошиши ва харид дастурларини қисқартириш). Бу уй-жой кўчмас мулк бозорини тўғрилашга, талабни камайтиришга ва таклифни оширишга ҳисса қўшиши мумкин ва нархларни пасайтириш учун асос бўлади.

Эслатиб ўтамиз, иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи II чоракда ўртача 5,7 фоизга кўтарилганди. Нархлар энг кўп Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида қимматлашди, барча олди-сотди шартномаларининг учдан бири эса Тошкентга тўғри келган.