Ташқи савдо дефицити ташқи савдо айланмаси таркибида импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан кўпроқ эканлигини ифодалайди. Бошқача айтганда, бунда мамлакат бошқа давлатларга сотаётган товар ва хизматларининг умумий қиймати бошқа давлатдан сотиб олаётган товар ва хизматларининг умумий қийматига қараганда камроқ бўлади. Ташқи савдо дефицитининг ўсиши ёки умуман мавжудлиги мамлакатдан чет эл валютасининг оқиб чиқиб кетишига сабаб бўлганлиги туфайли кўплаб мамлакатлар уни камайтириш чораларини кўришади.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ташқи савдо дефицити кескин ошиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда бу кўрсаткич 1,4 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб 8,8 млрд долларга етди. 2017−2021 йиллар оралиғида эса фақат бир йил ташқи савдо дефицитининг ҳажмида пасайиш кузатилган бўлиб, бу бутун дунёда, жумладан, бизда ҳам инқироз кузатилган 2020 йилда содир бўлган эди. Умуман олганда, инқироз кузатилган йилни ҳисобга олмаса, Ўзбекистоннинг ташқи савдо дефицити йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хўш, бу миллий иқтисодиётимиз учун қанчалик хатарли?

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, ташқи савдо дефицити умуман хатарли эмас. Бундай хулосани мамлакатимизда юритилаётган валюта сиёсати билан изоҳлаш мумкин. Яъни, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг валюта сиёсати «сузиб юрувчи» курсларга асосланган валюта сиёсати ҳисобланади. Бошқача айтганда, валюта курси марказий банк томонидан белгиланмайди, балки бозор мувозанати асосида шаклланади.

Бундай ҳолатда ташқи савдо дефицитининг мавжудлиги муаммо туғдирмайди. Сабаби, бундай «сузиб юрувчи» валюта курси шароитида ташқи савдо дефицити ошса — чет давлатларга камроқ товар ва хизматлар сотиб, кўпроқ товар ва хизматлар харид қилаётган бўлсак, бу чет эл валютасининг мамлакатимиздан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Мамлакатимиздан чет эл валютасининг чиқиб кетиши эса ички бозорда чет эл валютаси таклифини камайтиради (албатта бошқа омиллар, масалан, рисклар ёки бошқа валюта оқимига таъсир қилувчи омиллар ўзгармаган шароитда). Натижада, ҳар қандай бозорда кузатилганидек, чет эл валютаси таклифининг камайиши унинг нархи қимматлашишига ёки миллий валюта курсининг пасайишига сабаб бўлади.

Ўз навбатида, миллий валюта курсининг пасайиши экспортга рағбат беради. Масалан, миллий валюта курсининг 10% га қадрсизланиши амалда экспорт товарларимизнинг чет эл бозорида 10% арзонроқ бўлишига олиб келади ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини оширади. Импорт маҳсулотлари эса ички бозорда 10% га қимматлашади, натижада ички бозорда уларнинг рақобатбардошлиги пасаяди.

Шундай қилиб, валюта курси ўзининг олдинги мувозанат ҳолатига қайтмагунича бу жараён давом этади. Узоқроқ муддатда эса валюта курси олдинги мувозанатга интилади ҳамда, табиийки, ташқи савдо баланси ҳам ўз мувозанатига интилади. Бошқача айтганда, қандайдир сабабга кўра ташқи савдо дефицитининг ортиши узоқ муддатда миллий валютанинг қадрсизланиши натижасида яна мувозанат ҳолатига қайтади.

Юқоридаги ҳолатдан кўриш мумкинки, ташқи савдо баланси табиий равишда мувозанат ҳолатига интилади (экспорт ҳамда импорт тенг бўлган ҳолатга). Лекин реал ҳаётда бу жараён юқорида келтирилганидек яққол кўзга ташланмайди. Чунки валюта курсига таъсир қилиши мумкин бўлган ташқи савдо балансидан бошқа омиллар мавжуд. Жумладан, чет элдан пул ўтказмалари, инвестициялар ёки рисклар ҳолатининг ўзгариши каби омиллар ҳам валюта курсининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Бу омилларнинг барчаси бир вақтда ўзгариши эса савдо дефицитининг валюта курсига таъсирини камайтиради ва баъзи ҳолатларда бу таъсир ҳатто сезилмаслиги мумкин.

Масалан, жорий йилда ташқи савдо дефицити ўтган йилга нисбатан 2,8 млрд долларга ошган бўлсада, номинал валюта курсининг қадрсизланиши йил давомида 3,4% ни ташкил этган холос. Лекин юқорида келтирилган мисол назария амалда ишламаслигини англатмайди. Ташқи савдо дефицитининг ортиши, бошқа шартлар ўзгармаган ҳолатда, миллий валюта курсига салбий таъсир қилади ҳамда узоқ муддатда савдо балансини мувозанат томон интилишига сабаб бўлаверади.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи савдо дефицитининг ошиши ёки унинг мавжуд эканлиги муаммо туғдирмаслигига импорт таркибини ўрганиш орқали яна бир бора ишонч ҳосил қилиш мумкин. Хусусан, 2021 йилда импорт таркибининг 32,4% қисмини машина ва асбоб-ускуналар ташкил этган. Яъни импорт таркибининг қарийб учдан бир қисми мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларини яхшилашга хизмат қиладиган товарлардан иборат. Бу товарлар жорий истеъмол ҳажмидан кўра келажакдаги ишлаб чиқариш ҳажмини кўпроқ оширади. Тўғри, охирги йилларда импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналарнинг улуши камайиб бормоқда. Лекин унинг ҳозирги кундаги улуши ҳам бир мунча юқори ҳисобланади.

Ташқи савдо дефицитининг ҳозирги ҳолати ёки унинг ошиб бораётганлиги ҳукуматни ташвишга солиши табиий. Менинг назаримда, мана шу жиҳат биз учун энг катта хатар. Яъни қарор қабул қилувчилар ташқи савдо дефицитининг ошишидан хавотирга тушиб, савдони чеклаш чораларини кўриши мумкин. Бу эса сўнгги йилларда кўпчиликнинг орзусига айланган ташқи савдонинг эркинлашувини, энг камида, яна ортга суриши мумкин.

Юқорида айтиб ўтганимдек, дефицитнинг ортиши аслида муаммо эмас, лекин уни муаммо ҳисоблаб, ташқи савдони чеклашга уруниш — бу ҳақиқий маънода катта муаммо бўлади.

Чунки «сузиб юрувчи» валюта курси режимида ташқи савдони тўсишга қаратилган ҳаракатлар ташқи савдо балансига таъсир қилмайди. Тасаввур қилинг, қарор қабул қилувчилар ташқи савдо дефицитини муаммо ҳисоблаб, савдога чекловларни оширди. Бу импорт ҳажмини камайтиради, натижада ички бозордаги чел эл валютасининг таклифи ошади. Бу ҳолат, ўз навбатида, чет эл валютасининг арзонлашиши ёки, бошқа тарафдан, миллий валюта курсинининг ошишига олиб келади.

Масалан, аввал 100 долларни 1 млн сўмга сотиб олган бўлсангиз, энди уни 950 минг сўмга сотиб олишни бошлайсиз. Бу экспортга қандай таъсир қилади? Миллий валюта курсининг ошиши ташқи бозорда мамлакат экспорт товарлари ва хизматларининг қимматлашишига олиб келади. Яъни 1 млн сўмлик товар ёки хизматни аввал ташқи бозорда 100 доллардан сотган бўлсангиз, энди унинг нархи 105 доллардан зиёдга ошади. Бу узоқ муддатда экспорт ҳажмининг ҳам камайишига сабаб бўлади.

Бошқача айтганда, ташқи савдога ўрнатилган тўсиқлар ташқи савдо айланмасини камайтирсада, ташқи савдо балансига таъсир қилмайди. Яъни, аслида, ташқи савдо дефицитини камйтириш мақсадида савдони чеклашга уриниш, (бошқа омиллар ўзгармаган ҳолатда) дефицитни камайтирмайди. Юқорида бўлгани каби, реал ҳаётда бошқа омиллар таъсирида ташқи савдога қўйилган чекловлар амалда ташқи савдо дефицитига таъсир қилиши мумкин (аммо бу таъсир сезиларли бўлмайди).

Ҳақиқатдан охирги йилларда ташқи савдо дефицити ошиб бормоқда. Бу жараён кўпчиликни хавотирга солаётган бўлиши мумкин. Лекин «сузиб юрувчи» валюта курси режимини танлаган эканмиз, ташқи савдо дефицитини камайтиришга қаратилган ҳаракатлар, биринчидан, самарасиз бўлса, иккинчидан, жудаям катта йўқотишларга сабаб бўлади. Ўйлаб кўринг, биз, ташқи савдо дефицитини камайтириш мақсадида самарасиз қарорни қўллаш орқали фаровонликни пасайтиришга розимизми?

Аввало ташқи савдони чеклашга қаратилган ҳаракатлар дефицитга таъсир қилмайди, таъсир қилган тақдирда ҳам унинг таъсири жуда кичик бўлади (ҳатто статистик хатолик даражасида). Лекин тўсиқлар зарарининг кўлами жуда катта бўлади. Бошқача айтганда, қарор қабул қилувчиларнинг ташқи савдо дефицитини пасайтириш учун қўллайдиган чоралари ҳаммани камбағаллаштиради. Савдони чеклашнинг камбағаллашувимизга таъсирини аслида биз бошқалардан кўра кўпроқ билишимиз зарур. Чунки бу таъсирни мустақилликдан кейин то ҳозирги кунгача ўз танамизда ҳис қилмоқдамиз.

Ташқи савдо дефицитининг ошиши билан боғлиқ мени ўйлантирадиган ягона жиҳат шуки, дефицитнинг ошиши савдони чеклашга бўлган ҳаракатларни кучайтириши мумкин. Умуман олганда, дефицитнинг ошиши уни камайтириш учун қабул қилиниши мумкин бўлган исталган чорадан кўра хатарлироқ эмас.

Миркомил Холбоев - иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.